Хорижлик мутахассис билан қишки спорт турлари учун замонавий спорт объектлар қуриш лойиҳалари муҳокама қилинди
Мамлакатимизда қишки спорт турларига бўлган эътибор доимгидан ортиб бормоқда. Бугун МОҚ раҳбарияти ушбу спорт турлари билан шуғулланувчи ёшларга замонавий объектлар қуриш масаласи бўйича австриялик мутахассис билан учрашди.
Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ва Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси мутасаддилари иштирок этишди.
МОҚда меҳмон бўлган австриялик Вальтер Кирнич узоқ йиллардан бери қишки спорт турлари, хусусан, муз майдонлар қуриш билан шуғулланади ва бу борада таниқли “Solkav ltd” компанияси бош директори ҳисобланади. Унинг раҳбарлигида ҳозирда «Амирсой» комплексида муз майдони лойиҳаси устида қурилиш олиб борилмоқда ва йил якунига қадар ишга тушиши кўзда тутилган.
Учрашув давомида меҳмон МОҚ раҳбариятига ўзи бошқараётган компаниянинг имкониятлари, янги лойиҳалари ҳақида гапириб, уларни Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича таклифларини билдирди. Ўз навбатида, МОҚ раҳбари бундай таклиф учун миннатдорлик билдириб ўтди.
“Қизиқарли таклиф ва лойиҳаларни тақдим қилганингиздан миннатдормиз. Сўнгги йилларда ҳукуматимиз ва Президентимиз қишки спорт турларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. “Ҳумо арена” муз саройи, “Амирсой” тоғ-чанғи комплекси бунга яққол мисол. Шу билан бирга вилоятларимизда ҳам қишки спорт турларига бўлган қизиқиш янада ортиб, чекка ҳудудларда шу каби лойиҳаларни амалга ошириш ишлари бошланди. Сизнинг таклифингизни ассоциациямиз ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги билан албатта батафсил ўрганиб чиқамиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Учрашув якунида меҳмонга таклиф ва ташриф учун миннатдорчилик билдирилиб, Қўмитамизнинг эсдалик совғаси топширилди.