Хабар берганимиздек, гандбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Испанияда ўтказилаётган жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Кеча вакилларимиз биринчи тур доирасида Швецияга қарши баҳс ўтказишди.

Учрашувда шведлар ҳар томонлама устунлик қилишди. Якунда баҳс 46:15 ҳисобида скандинавларнинг ғалабаси билан тугади. Беллашувда вакилларимиздан М.Худойқулова ҳамда С.Разакбергенова 3 мартадан рақиб дарвозасини ишғол қилишди. Эслатиб ўтамиз, Швеция терма жамоаси Токио-2020 Олимпиадасининг ярим финалчиси ҳисобланади.

Гуруҳнинг нариги учрашувида Нидерландия Пуэрто-Рикодан 55:15 ҳисобида устун келди. Таъкидлаш жоиз, қизларимизнинг келгуси рақиби айнан нидерландлар ҳисобланишади. Амалдаги жаҳон чемпионларига қарши бўлажак баҳс эртага ўтказилади.