Ру En O'z
9 Ноябрь 2021 4986

Нияз Пўлатов: “Улуғбек Рашитовдан зўр мураббий чиқади”

Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон чемпионати ортда қолди. Эътиборингизга ушбу мусобақада яна бир бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритган истеъдодли спортчимиз Нияз Пўлатов билан суҳбатни ҳавола қиламиз:

– Бу йилги мамлакат биринчилиги аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилди?
– Бу галги чемпионат кўп жиҳатлари билан эсда қоларли бўлди. Яқинда оила қурган эдим. Бу сафар баҳсларимни кузатиш учун оилам, барча яқин дўстларим ташриф буюриб, бир жамоа бўлиб ҳамма жангларда қўллаб-қувватлаб туришди. Шунинг учун мағлуб бўлишга ҳаққим йўқ эди. Кун аввалида мен уларни хурсанд қилмоқчи эдим ва якунда ўз мақсадимга етишдим. Бунинг учун уларга раҳмат.

– Бундан кейин ҳам шу вазнда фаолиятингизни олиб борасизми?
– Ҳа, кейинчалик ҳам -63 кг вазнда иштирок этишда давом этаман. Келаси йил олдимизда Осиё чемпионати ва ўйинлари, жаҳон чемпионати каби катта мусобақалар турибди. Ниятим терма жамоамиз сафида ушбу мусобақаларда шунчаки иштирок этиб эмас, балки олтин медаль билан ватанга қайтиб келиш.

– Мусобақа давомида ёш жиҳатдан Сиздан кичик бўлса ҳам Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитовнинг Сизга секундантлик қилганига гувоҳ бўлдик. Ваҳолангки, кўпчилик ёшликдаги мураббийингиз Павел Хан ёки бошқа катта мураббийни кутган эди.
– Павел ака терма жамоамиз бош мураббийи бўлдилар. Шу боис у кишининг жангда менга мураббийлик қилиши рақибларимга нисбатан озгина ҳурматсизлик бўлар эди. Кейин болаликдан бирга катта бўлган дўстим Улуғбек ёрдамга келди. Йиғинларда у билан бир хонада яшаймиз, бир-биримизни бир қарашда тушуна оламиз. Сўзсиз имо-ишоралар билан нима демоқчилигимизни англайдиган даражада яқинмиз. Унинг менга секундантлик қилиши катта ёрдам берди.

– Нима деб ўйлайсиз, Улуғбекдан яхши мураббий чиқадими?
– Ундан зўр мураббий чиқади. Соҳамизда яхши спортчи келажакда яхши тренер бўла олмайди деган гап бор. Лекин бу ҳаммага ҳам тўғри келмайди. Шу жумладан, Улуғбекка ҳам. Унинг жангда мен билан қўйган тактикаларининг кўпи ўтди. У рақиб билан қандай ишлашни жуда яхши билади.

– Суҳбат учун раҳмат, келгуси фаолиятингизда омад тилаймиз.
– Раҳмат, шу ўринда бир қўшимча қилмоқчиман. Биз билан бирга спортимиз ва муваффақиятларимизни халқимиз билан улашаётган ОАВга, биз учун барча шароитларни яратиб бераётган федерациямиз, МОҚ ва ҳукуматимизга алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман.

Маълумот учун, Нияз Пўлатов жорий йил бадиий гимнастика бўйича терма жамоамиз аъзоси, таниқли спортчимиз Сабина Ташкенбаева билан турмуш қурган. Ўз навбатида, биз ҳам ушбу ёш оилага бахт тилаймиз.

Text to speech