Ру En O'z
8 Ноябрь 2021 2256

Руслан Мустаев Халқаро гимнастика федерацияси Консуллигига сайланди

Туркиянинг Анталья шаҳрида Халқаро гимнастика федерациясининг (FIG) 83-Конгресси ўтказилди. Унда ташкилот раҳбарияти, турли бошқарув қисми, техник қўмита ва бошқа бир қатор ўринларга сайловлар ўтказилди. Тадбирнинг асосий қисмида FIG таркибига кирувчи миллий федерациялар мутасаддилари ташкилотга янги раҳбар, 3 нафар ўринбосар ва 7 нафар вакилдан иборат ижроия қўмитаси вакилларини ҳам сайлаб олишди.

Халқаро федерациянинг юқори лавозимларига вакиллар танлашда номзодларнинг иш тажрибаси ва жаҳонда гимнастика ривожлантиришга қўшган ҳиссаси инобатга олинди. Унда Ўзбекистон гимнастика федерациясининг (ЎГФ) ушбу йўналишдаги хизматлари юқори баҳоланиб, Осиё гимнастика иттифоқи вице-президенти, ЎГФ раисининг биринчи ўринбосари Руслан Мустаев халқаро федерация консуллиги таркибига сайланди. Шу тариқа, Руслан Мустаевга Ўзбекистон Гимнастика федерацияси ва бутун Осиё гимнастика иттифоқи манфаатларини FIG ва жаҳон аренасида ҳимоя қилишига катта ишонч билдирилди.

Қайд этиш жоиз, Халқаро ташкилотнинг амалдаги раҳбари Моринари Ватанабэ сайловда ғалаба қозониб, янги муддатда ҳам FIG президенти сифатида ишлайдиган бўлди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Руслан Мустаевни янги лавозим билан муборакбод этиб, мамлакатимиз имижини халқаро майдонда юксалтириш, қолаверса, ушбу спорт ривожини кучайтиришда олиб бораётган ишларига омад тилаб қолади.

Text to speech