Якунда МОҚ раҳбари ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган “Яшил макон” лойиҳасида федерация мутасаддиларини оила-аъзолари, спортчилар билан фаол иштирок этишга чорлаб қолди.
Эпидемиологик вазият туфайли терма жамоаларимиз базаларидаги назорат янада кучайтирилади
Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигида Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари ва бошқа мусобақаларга кўрилаётган ҳозирликни янада кучайтириш, жорий йил бўлиб ўтадиган бошқа йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик, шунингдек, коронавируснинг янги омикрон штамми тарқалишини олдини олиш юзасидан тезкор онлайн йиғилиш ўтказилди. Унда, шунингдек, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов, МОҚ қошида тузилган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Абдушукур Садиков, шунингдек, федерация ва ассоциациялар масъул мутасаддилари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоиз, коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабаб 2021 йил ўтказилиши режалаштирилган бир қатор комплекс мусобақалар кейинги йилга қолдирилгани боис 2022 йилда бизни Осиё ўйинлари, Ислом бирдамлиги ўйинлари, Универсиада, ёшлар Осиё ўйинлари, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби катта стартлар кутиб турибди. Шу боис, тақвимга биноан терма жамоаларимизни таркибини ҳозирдан шакллантириб бориш талаб этилади. Бу борада МОҚ раҳбари йиғилиш ишитрокчиларига батафсил тушунтириш берди.
“Йирик комплекс мусобақаларга кўрилаётган тайёргарлик режаларини Туризм ва спорт вазирлиги, Олий спорт маҳорати мактаблари билан муҳокама қилиб, бу бўйича ҳозирдан амалий ишларни бошлаш лозим. Бизни олдинда муҳим йил кутиб турибди. Шундай экан, барчасини батафсил муҳокама қилиб олиш керак. Қолаверса, бошқа халқаро мусобақаларга ҳам алоҳида режаларни ишлаб чиқамиз. Хорижий турнирларга шунчаки бориб, унда иштирок этиб келиш ноўрин бўлади. Олдиндан аниқ мақсад қўйиб, шунга ҳаракат қилиб ишлашимиз керак. Президентимиз бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Шу боис бунга яраша талаб ҳам бўлади. Давлатимиз раҳбари бошчилигида Янги Ўзбекистон қураяпмиз. Халқаро мусобақага шунчаки чиқиб келиш кетмайди. Афсуски, коронавируснинг янги штамми кириб келмоқда. Бундай шароитда фақатгина темир интизом билан енгиб ўтиш мумкин. Спорт базаларида спортчиларимизнинг саломатлигини сақлаш бўйича барча чораларни кўрайлик”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Онлайн учрашув давомида МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Абдушукур Садиков коронавируснинг янги штаммининг кириб келиши юзасидан, унинг тарқалишини олдини олиш, терма жамоаларимиз вакилларини ундан сақлаш, бу бўйича барча зарурий чораларни кўриш бўйича режалар билан ўртоқлашди.
Йиғилишда Ойбек Касимов узоқ йиллик тажрибасидан келиб чиққан ҳолда йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди. Шунингдек, суҳбат давомида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев терма жамоага жалб қилинадиган хорижий тренерлар билан тузиладиган шартномалар бандини батафсил кўриб чиқиш юзасидан ўз фикрларини билдиришди.