Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган мамлакат чемпионатига бу гал ўзгача тараддуд кўрилмоқда.
Мусобақа 8-14 декабрь кунлари “Универсал” спорт мажмуасида бўлиб ўтади. Аҳамиятлиси, маҳаллий ҳакамларимизга тажриба улашиш, баҳсларда шаффофлик ва холисликни кучайтириш мақсадида дунёнинг барча қитъаларидан 8 нафар AIBAнинг 3 юлдузли даражасига эга ҳакамлар жангларни бошқариб боради. Уларнинг барчаси Олимпиада ёки жаҳон чемпионатларида ишлаган ва улкан тажрибага эга реферилардир. Шунингдек, жангларни бошқариб борадиган ҳакамларни Буюк Британия ва Украинадан ташриф буюрадиган инструкторлар кузатиб боришади. Улар иштирокида чемпионатдан аввал 5-6 декабрь кунлари маҳаллий реферилар учун семинар-тренинглар ўтказилади.
Бу йилги Ўзбекистон чемпионатининг яна бир муҳим жиҳати, у орқали терма жамоа мураббийлар штаби Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига даъвогар ёшларни саралаб олиш имкониятига эга бўлишади.