Шунингдек, МОҚ раҳбари спортчиларнинг вақтида дам олишларини назорат қилиш, қатъий кун тартибини белгилаб бериш бўйича мураббийларга кўрсатма берди. Ўз навбатида, спортчилардан устозларининг кўрсатмаларини сўзсиз бажариш сўралди.
Рустам Шоабдураҳмонов: “Ватанимиз учун курашадиган ҳақиқий жангчилар ва уларни тайёрлайдиган мураббийлар керак”
Бугун қиличбозлик бўйича терма жамоамиз базасида МОҚ ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов иштирокида спортчи ва мураббийлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Гулнора Саидова бошчилигидаги Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси мутасаддилари, терма жамоа вакиллари ва мураббийлар штаби иштирок этди.
Йиғилишда 2022 йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтадиган Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик режаси кескин муҳокама қилинди. Танқидий руҳда ўтган учрашувда шпага ва рапира йўналишига алоҳида эътибор берилди. Бунда кучли селекция асосида терма жамоа таркибини саралаб олиш, Халқаро федерация эълон қилган тақвимга мувофиқ керакли мусобақаларни саралаб олиш ва уларга пухта тайёргарлик кўриш, узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларини йўлга қўйишга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланди.
“Жамоамизга Ватанимиз учун курашадиган ҳақиқий жангчилар ва уларни тайёрлайдиган мураббийлар керак. Келгусида ҳар бир халқаро мусобақа ва бошқа тадбирлар якуни режадагидек натижа бериши қаттиқ назорат қилинади. Президентимиз бизни қўллаб-қувватлар экан, улар барпо этаётган Янги Ўзбекистонга муносиб ғалабалар тақдим қилишимиз керак. Бунинг учун барча шароитлар яратиб берилади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.