Ру En O'z
1 Декабрь 2021 1896

Комплекс мусобақаларга тайёргарлик кун тартибидаги асосий масала

Мамлакатимизнинг яқин йиллар ичида йирик халқаро мусобақаларни қабул қилиши, уларни юқори савияда ташкил этиш, дунё ареналарида атлетларимизнинг муваффақиятли иштирок этиши Янги Ўзбекистон имижини жаҳон ҳамжамияти олдида кўрсатиш учун айни муддао. Шубҳасиз, бунга катта ҳажмдаги тайёргарлик талаб этилади. Шу мақсадда МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигида олдинда турган вазифалар ижросини назорат қилиш, терма жамоаларимиз учун максимал қулайликлар яратиш бўйича йиғилишлар ўтказилмоқда. Унда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Қўмита раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов, МОҚ раиси девони раҳбари Мираъзам Мираҳмедов ва Қўмита мутасаддилари иштирок этишди.

Учрашувда федерацияларимиз билан Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик мавзусида ўтказилаётган йиғилишлар хулосасидан келиб чиққан ҳолда терма жамоаларимиздаги асосий контингентни аниқлаб олиш, маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларини пухта ишлаб чиқиш, шаффоф ва самарали селекция ишларини олиб бориш асосий мавзулар қаторида турибди. Қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши билан терма жамоаларимиз учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. МОҚ мазкур жараёнда давлатимиз ва федерациялар ўртасида боғловчи вазифасини бажариб бермоқда.

Йиғилишда “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик масаласи ҳам алоҳида ўрин тутмоқда. МОҚ раҳбари «Тошкент-2025» дирекцияси фаолиятини тезроқ йўлга қўйиш, унинг ишчи гуруҳ таркибини шакллантириш, терма жамоаларнинг тайёргарлигини ҳозирдан бошлаш кераклигини таъкидлади. Якунда Рустам Шоабдураҳмонов олдинда турган вазифалар бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Text to speech