Ру En O'z
1 Декабрь 2021 2007

Декабрь ойи бокс мухлисларини ажойиб жанглар кутмоқда

Ўзбек бокси мухлислари учун хушхабар. Ҳаваскор боксда жаҳон ареналарида улкан муваффақият қозониб, ҳозирда профессионал жангларда иштирок этаётган боксчиларимиз жорий ой мухлислар учун катта байрам ҳозирлашмоқда.

Дастлаб 11 декабрь куни Токио-2020 чемпиони Баҳодир Жалолов супер оғир вазн тоифасида ўзининг навбатдаги жангини ўтказади. БААдаги «Coca Cola Arena»да ўтадиган ушбу жангда вакилимизга ким рақиблик қилиши яқин вақт ичида расман маълум қилинади.

Айнан шу куни Тошкентда Шоҳжаҳон Эргашев иштирокидаги яна бир жанг оқшоми ташкил қилинади. Унинг марказий жангида Эргашев ЖАР вакили Сибусисо Дломога қарши баҳс олиб борса, яна бир қатор вакилларимиз рейтинг жангларини ўтказишади.

Шунингдек, ойнинг яна бир воқелиги 17 декабрда пойтахтимиздаги «Renaissance hall» мажмуасида бўлиб ўтади. Унда Исроил Мадримов Кот Д’Ивуар вакили Мишель Сорага қарши марказий жангда рингга кўтарилади. Ҳар икки боксчи ўз вазн тоифасида WBA рейтингида мос равишда 1 ва 2-ўринни эгаллаб туришибди. Ғолиб мазкур йўналиш чемпионлиги учун рингга кўтарилиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, мазкур кечада Шаҳрам Ғиёсов, Ҳасанбой Дўсматов, Дилшод Рўзметов, Бектемир Мелиқўзиев, Иқболжон Холдоров, Элнур Абдураимов каби боксчиларимиз ҳам навбатдаги жангларини ўтказишади. Мазкур кеча «Matchroom» промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилмоқда.

Ишонамизки, ҳукуматимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши остида Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон бокс федерацияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган мазкур тадбирлар ёшларимиз орасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлади.

Text to speech