Ўзбекистон МОҚ янги тараққиёт йўлида 4 та ҳамкорлик меморандумини имзолади
“Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида ўтган МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия МОҚ раҳбари ўртасида давом этаётган минтақавий форумнинг асосий қисми якунлангач меҳмонлар Ўзбекистон МОҚга ташриф буюришди. Қўмитамизда меҳмонлар учун экскурсия ташкил этилди. Кичик тур давомида форум иштирокчиларига Қўмитамиз ва унинг қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолияти, бой ўзбек спорти тарихи ҳақида гапириб берилди.
Шундан сўнг ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ўтказилган мунозараларнинг амалий якуни сифатида Ўзбекистон МОҚ Беларусь, Озарбайжон, Литва МОҚ ва Татаристон Олимпия кенгаши билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Тадбирни Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйиш жараёнида мамлакатимиз номидан Ўзбекистон МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Озарбайжон МОҚ Бош котиби Азер Алиев, Беларусь МОҚ президенти Виктор Лукашенко, Литва МОҚ президенти Дайна Гудзиневичуте ва Татаристон Олимпия кенгаши вакили Марат Бариев иштирок этди.
Якунда Рустам Шоабдураҳмонов ушбу ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
“Авваламбор, барчангизни азим пойтахтимизда мана шундай тадбирда кўриб турганимиздан яна бир бор мамнун эканлигимизни билдириб ўтмоқчимиз. Токио Олимпиадаси кўрсатдики, пандемия бўлишига қарамай бутун дунё спорт йўналишида ўсишга эришмоқда. Мазкур ҳамкорлик лойиҳаларимиз келажакда алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади”, – деди Ўзбекистон МОҚ раҳбари.
Шундан сўнг, иштирокчилар анъанага мувофиқ ўзара совға алмашишди.
Шунинг билан МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия МОҚ раҳбарлари иштирокидаги минтақавий форумнинг расмий қисми ўз ишини якунлади. Эртага меҳмонлар қадимий Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳатга чиқишади ва бой тарихимиз, маданиятимиз билан янада чуқур танишадилар.