Минтақавий форум мавзулари қизиқарли мунозаралар билан ўтди
Хабар берганимиздек, пойтахтимизда МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия МОҚ раҳбарияти иштирокида минтақавий форум бўлиб ўтди. Тадбирнинг иккинчи ярмида иштирокчиларнинг маъруза ва тақдимотлари бўйича қизиқарли мунозаралар ўтказилди.
Улар орасида Қирғизистон МОҚнинг биринчи вице-президенти Канат Аманкуловнинг “Кўчманчилар ўйинлари”, “Осиё болалари” ўйинлари халқаро қўмитаси вице-президенти Марат Бариевнинг мазкур ташкилот фаолияти, Россия МОҚ Бош котиби Владимир Сенглеевнинг “Россия Федерацияси спорт жамоат бирлашмалари фаолиятида пандемия (COVID-19)нинг салбий оқибатларини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”, Литва МОҚ президенти Дайна Гудзиневичутенинг “Европа Олимпия қўмитаси фаолиятига МОҚларини жалб қилишнинг янги ёндашувлари” каби мавзулардаги чиқишлар кўпчиликнинг диққат-марказида бўлди.
Форум давомида Россия, Украина, Латвия, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон МОҚ вакиллари ҳам минтақамизда спортини ҳамжиҳатликда ривожлантириш ва бошқа мавзуларда қизиқарли тақдимотларини намойиш қилишди.
Якунда Форум координатори кун давомида қилинган маъруза ва тақдимотлар бўйича ўз фикрларини билдириб, иштирокчиларни бу бўйича кенг мунозарага чорлади. Қатнашчилар мавзулар бўйича турли фикрлар билдирдилар ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш борасида фикр алмашишди.