Ру En O'z
29 Октябрь 2021 1832

Спорт шифокорларимизнинг малакасини янада ошириш режалари муҳокама қилинди

Бугун МОҚ мажлислар залида Қўмита қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг (РСТИАМ) Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик режалари муҳокама қилинди.

Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, Абдушукур Садиков бошчилигидаги РСТИАМ шифокорлари ва ходимлари иштирок этишди. Йиғилиш аввалида МОҚ раҳбари ютуқларимиз замирида ушбу соҳанинг қанчалик муҳим аҳамият касб этиши баробарида баъзи камчиликлар ҳақида фикр билдирди.

“Барчамизнинг мақсадимиз спортимизда тиббиёт соҳасини ҳам янада ривожлантириш. Президентимиз Токио-2020 тайёргарлик даврида терма жамоаларимизда диетолог, психолог, массажчи каби штат бирликларини очилишида, уларни молиялаштиришда ўзларининг катта ёрдамларини аямадилар ва бу масалани қўллаб-қувватладилар. Эришган ютуқларимизда шифокорларимизнинг ёрдамини алоҳида эътироф этиш ўринли. Уларнинг саъйи-ҳаракати билан Олимпиада давомида ҳеч бир спортчимиздан коронавирусга қарши тестда ижобий натижа чиқмади. Бироқ камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Баъзи спортчиларимиз вазн ташлашдаги муаммолар сабаб кўнгилдагидек иштирок эта олишмади. Шу ва бошқа барча муаммолар устида ишлаб, янги методикаларни қўллаш лозим”, – деди МОҚ раиси.

Йиғилишда Абдушукур Садиков ҳам сўз олиб, соҳадаги камчиликлар ва уларни бартараф этишдаги режалар хусусида тўхталди.

“Олимпиадага тайёргарлик кўрган асосий федерацияларимизнинг баъзиларида мутахассислар етишмовчилиги билинди. Биз ҳам Олимпиададан сўнг ўз камчиликларимизни таҳлил қилдик. Бунда халқаро тажрибанинг камлиги, марказимизнинг бор имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмаётганимиз, баъзи терма жамоаларда шифокор ва мураббийларнинг фикрлари номутаносиб келгани каби муаммолар учради”, – деди РСТИАМ директори.

Абдушукур Садиков Марказнинг янги Олимпия циклидаги режалари ҳақида тўхталар экан, шифокорларимизни Россия, Буюк Британия, АҚШ, Польша каби спорт тиббиёти илғор ривожланган мамлакатларга юбориб тажриба алмашишлари, Тошкентда халқаро ўқув-семинарларни кўпроқ ташкил этиш каби устувор мақсадлар ҳақида тўхталди.

Text to speech