Бутунжаҳон дзюдо куни ёш полвонларимиз учун чинакам байрамга айланди
Маълум қилганимиздек, бугунги Бутунжаҳон дзюдо куни муносабати билан бир қатор тадбирлар ўтказилди. Уларнинг асосийси Ўзбекистон дзюдо федерациясида бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони соҳиби Владимир Пятаев, терма жамоа бош мураббийи Илиас Илиадис ва бошқалар сўзга чиқиб, дзюдочиларни байрам билан қутлашди.
«Бугун бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам «Халқаро дзюдо куни» кенг нишонланмоқда. Биз ҳам ушбу тадбирга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан бахтиёрмиз. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек дзюдоси оиласини ушбу кун билан муборакбод этаман. Насиб қилса, яқин келажакда сиз жажжи дзюдочилар халқаро мусобақаларда акаларингиз сингари Ватанимиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилиб, ўзбек дзюдосининг шонли анъаналарини давом эттирасизлар. Ўз навбатида, спортчиларимизнинг мана шундай замонавий спорт залларида шуғулланишлари учун шароит яратиб бераётган муҳтарам Президентимизга ҳам раҳмат айтаман», – деди МОҚ Бош котиби О.Касимов.
Шундан сўнг Камол Мурадов ва Ўлмас Гуллиев мураббийлигидаги ёш дзюдочиларимиз татамида ўз чиқишлари билан маҳорат ва иқтидорларини намойиш этишди. Фахрийлар номидан сўзга чиққан Владимир Пятаев ёш дзюдочилар акаларининг изидан бориб, уларга муносиб ворис бўлишга чақирди.
Шундан сўнг фахрий меҳмонлар ҳамда ёш дзюдочиларга эсдалик совғалари топширилди. Маросим сўнггида анъанага мувофиқ байрам торти кесилиб, меҳмонларга тортиқ этилди. Барча қатнашчилар эсдалик учун суратга тушишди.
Айни пайтда Навоий вилоятида бўлиб турган МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ва вилоят ҳокими Қобил Турсунов бошчилигидаги вакиллар ҳам ушбу байрамни ўзгача қарши олишди.
Мутасаддилар навоийлик ёш дзюдочилар билан ўтган тадбирда давлатимиз томонидан спортга қаратилаётган эътибор, бунинг натижасида кашф этилаётган таниқли спортчиларимиз ҳақида айтиб, ёшларимизга катта мотивация беришди. Сўз ўрнида улар ёш полвонларни байрам билан қутлаб, келгуси фаолиятида омад тилаб қолишди.