Намангандаги халқаро турнирда Шерзод Ташматов хорижлик мутахассислар билан учрашди
Айни кунларда Наманган шаҳрида волейбол бўйича 19 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов мусобақа меҳмони – минтақамиз конфедерацияси раҳбари Муҳаммад Латиф бошчилигидаги вакиллар билан бир қатор масалаларни муҳокама қилди.
МОҚ раиси ўринбосари Марказий Осиё волейбол конфедерацияси раҳбарияти билан учрашувда ушбу спортни мамлакатимизда янада ривожланишнинг муҳим йўналишларига эътибор қаратди. Ўз навбатида, Муҳаммад Латиф ўзбек волейболи сўнгги йилларда ривожланишнинг янги босқичини ўтказаётгани, турли ёш тоифаларидаги жамоаларимизнинг ўсганини алоҳида таъкидлаб, бу борада қилинаётган ишларга ижобий баҳо берди. Шунингдек, меҳмон юртимизда волейболни ривожлантириш йўлида халқаро мутахассисларни жалб қилиш ва федерациямизнинг режаларини ҳамкорликда муҳокама қилиб, унга керакли тавсияларни беришини айтиб ўтди.
Қайд этиш жоиз, Тошкентда келаси йилнинг июнь ойида 17 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Шерзод Рихсибаевич суҳбат давомида меҳмон билан ушбу турнирни ҳам юқори савияда ўтказиш, унинг ташкилий масалалари бўйича фикр алмашди.