Ру En O'z
28 Октябрь 2021 1973

Тожикистон ММА федерацияси раҳбарияти МОҚда меҳмон бўлди

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти Тожикистон аралаш жанг санъатлари (ММА) федерацияси раҳбариятини қабул қилди. Учрашувда ҳар икки томон ўртасида изчил ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, қўшма йиғинлар ва мусобақалар ташкил этиш, тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон томонидан учрашувда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов, Қўмита раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов иштирок этган бўлсалар, меҳмонлар делегацияси таркибидан Тожикистон ММА федерацияси раҳбари Даврон Жўраев ҳамда унинг ўринбосари Бахтиёр Ходжаевлар ўрин олишди.

“Тожикистонда кучли жангчилар борлигини биламиз. Сизлар билан йўлга қўйиладиган ҳамкорлик биз учун жуда муҳим. Суҳбатимиз давомида бу борада таклифларни ўрганиб чиқсак. Қўшма йиғинлар, мусобақалар ташкил қилиш алоқаларимизни янада мустаҳкамлайди, деган умиддамиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Шундан сўнг мутасаддилар учрашувнинг расмий қисмида режалар муҳокамасини давом эттиришди.

“Биз қўшни ва қардош халқлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларни мустаҳкамлашдан миннатдормиз. Давлатимиз биз илгари сураётган ташаббусларимизни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Аралаш жанг санъати спорти Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олиниши кутилмоқда. Бу жуда катта воқелик. Бунинг ортидан ушбу спорт янада ривожланишини, томошабинлари кўпайишини кутиш мумкин. Биз ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, давлатимизда ушбу спортни янада ривожлантириш бўйича иш олиб боришни кутиб қоламиз”, – деди Шерзод Ташматов.

Ўз навбатида, Даврон Жўраев учрашувда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш, ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни мустаҳкамлашдан мамнун эканини билдириб ўтди.

Йиғилиш давомида йил якунида ҳар икки терма жамоа ўртасида ўртоқлик йиғини ва унинг доирасида мусобақа ташкил қилиш, мураббийлар билан ўзаро тажриба алмашиш, эришилаётган сўнгги ютуқлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш каби фикрлар атрофлича муҳокама қилинди.

Самимий ўтган суҳбат якунида меҳмонларга МОҚнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Text to speech