Ру En O'z
26 Октябрь 2021 1886

Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик режалари муҳокама қилинмоқда

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 13 август куни Олимпиячиларимизни қабул қилар экан, Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик доирасида бир қатор масалалар юзасидан муҳим кўрсатмалар бериб ўтган эди. МОҚ раҳбарияти бу борада тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тайёргарлик ишларини бошлаб юборган.

Ана шундай тадбирлардан бири Қўмитанинг кичик мажлислар залида Вазирлар Маҳкамаси, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ мутасаддилари иштирокида ўтказилди.

Йиғилиш давомида бу борадаги асосий йўналишлар, хусусан, иқтидорли спортчиларни саралаш, спорт турлари бўйича халқаро мутахассисларни тайёрлаш, Олимпия ва Паралимпия захиралари коллежлари ва спорт академиялари фаолияти, мураббийлар малакасини ошириш, терма жамоаларимизга кучли хорижий мутахассисларни жалб қилиш каби масалалар кўрилди. Шунингдек, терма жамоаларимиз учун маҳаллий ва халқаро ўқув-машғулот йиғинларини кўриб чиқиш, фақатгина кучли жамоалар билан спарринг ва ўртоқлик беллашувлари ташкил этиш каби йўналишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Қайд этиш жоиз, суҳбат давомида жамоавий спорт турлари ҳақида ҳам муҳокама олиб борилди. Мутасаддилар бу йўналишдаги терма жамоаларимизнинг ҳозирги ҳолати, Олимпиада йўлланмаси учун имкониятлари, уларни янада кучайтириш каби масалалар бўйича фикр алмашишди.

Text to speech