Бош Ассамблеяда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Грециянинг Крит ороли мезбонлик қилган Миллий Олимпия қўмиталари ассоциациясининг (МОҚА) навбатдаги Бош Ассамблеяси ўз якунига етди. Ассамблеянинг иккинчи куни доирасида иштирокчилар бир қатор масалаларни муҳокама қилишди.
Аввал хабар берганимиздек, ушбу тадбирда Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов бошчилигидаги делегация қатнашмоқда. Тадбир давомида вакилларимиз ХОҚ президенти Томас Бах, МОҚАнинг амалдаги раҳбари Робин Митчел ва ташкилот Бош котиби Гунилла Линдберг, Бутунжаҳон таэквондо WT федерацияси президенти Чунгвон Чои, Халқаро камондон отиш федерацияси ва Туркия МОҚ президенти Угур Эрденер, Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси биринчи вице-президенти ва Украина МОҚ президенти Сергей Бубка, Россия Олимпия қўмитаси президенти Станислав Поздняков ва бошқа бир қатор юқори мартабали раҳбарлар билан учрашиб, Ассамблеяда кўтарилган масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди ва келажакда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича суҳбат олиб боришди. Шунингдек, мутасаддиларимиз Ассамблеяда қатнашган МДҲ, Болтиқ бўйи ва Грузия мамлакатлари МОҚ раҳбарлари билан ҳам учрашиб, уларни 2-4 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро форумга таклиф этишди.
Якунда МОҚА раҳбариятига ташкилотнинг навбадаги Бош Ассамблеяси муваффақиятли ўтгани, Греция МОҚ президенти Спирос Капралосга эса тадбирга юқори савияда мезбонлик қилгани учун Қўмитамиз номидан миннатдорчилик билдириб, эсдалик совғалари тақдим этилди. Учрашув давомида Ойбек Касимов Ўзбекистон МОҚ ушбу халқаро ташкилот билан чуқур дўстона алоқаларни давом эттиришдан миннатдор эканини билдириб ўтди.