Ру En O'z
24 Октябрь 2021 1716

Ойбек Касимов бошчилигидаги Қўмитамиз вакиллари МОҚА Бош Ассамблеясида иштирок этишмоқда

Бугун Грециянинг Крит оролида Миллий Олимпия қўмиталари ассоциацияларининг (МОҚА) XXV Бош Ассамблеяси ўз ишини бошлади. 2 кун давом этадиган ушбу тадбирда мамлакатимиз номидан МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов бошчилигидаги мутасаддилар, жумладан МОҚ раиси девони раҳбари Мирағзам Мираҳмедов ва МОҚ раиси маслаҳатчиси Шерзод Асатуллаев ҳам иштирок этмоқда.

Ассамблеянинг бугунги тадбирида Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, МОҚАнинг амалдаги раҳбари Робин Митчел ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Таъкидлаш жоиз, эпидемиологик вазият сабаб ташкилотга аъзо 205 мамлакатдан 155 таси онлайн иштирок этмоқда. Бу коронавирус пандемияси бошлангандан бери спорт ташкилотлари раҳбарларини бирлаштирган энг катта тадбир бўлиб турибди. Маросимда Томас Бах нутқ сўзлаб, ортда қолган Токио-2020 Олимпия ўйинларини муваффақияти ташкил этишда ёрдам берган Япония ҳукуматига Олимпия оиласи номидан миннатдорчилик билдириб ўтди.

Режага кўра, Бош Ассамблея давомида коронавирус сабаб минтақаларда Олимпия ҳаракатини ривожлантириш йўлида юзага чиққан масалаларни ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва янги стратегик режаларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Маълумот учун, МОҚА 1979 йил жаҳондаги барча Олимпия қўмиталарининг қизиқишларини ўрганиш, манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган. Ташкилотнинг сўнгги Бош Ассамблеясига 2019 йил Қатарнинг Доха шаҳри мезбонлик қилган эди.

Text to speech