Ру En O'z
21 Октябрь 2021 2300

Тошкентда ихтисослаштирилган дзюдо зали фойдаланишга топширилди

Бугун пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 102-умумтаълим мактаби ҳудудида бунёд этилган енгил конструкцияли дзюдо залининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Байрамона руҳда ўтган тадбирда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Туризм ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов, Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосарлари Сакен Полатов, Шерзод Ташматов, МОҚ раиси ўринбосари ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Фахриддин Давруков, Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги мутасаддилари, мактаб жойлашган «Боғ кўча» маҳалла фаоллари ҳозир бўлишди.

Маросимнинг кириш қисмида рамзий маънодаги лента кесилиб, дзюдо зали калити мактаб директори Раъно Мирзажоновага топширилди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўз нутқи билан тадбирнинг расмий қисмини очиб берди. Шунингдек, тадбирда МОҚ раҳбарлари ҳам сўз олишди.

“Дунёда дзюдо спорт тури ривожланган давлатлар амалиётига назар ташласак, у ерда болалар дзюдо яккакураши билан мактабдаёқ шуғулланишни бошлайдилар. Халқаро мусобақалар – Олимпиада ва жаҳон чемпионатларидаги катта ютуқлар ҳам айнан шунинг меваси. Ўзбекистонда ҳам жаҳон амалиётидан андоза олиниб, дзюдони оммалаштириш, ривожлантириш қуйи бўғиндан бошланяпти. Бу қурилаётган дзюдо заллари айнан шунинг учун хизмат қилади”, – деди Р.Шоабдураҳмонов.

Дзюдо зали қисқа фурсатда бунёд этилган бўлиб, барча талабларга жавоб беради. Залга тўшалган татамида нуфузли халқаро турнирларни ўтказиш мумкин. Янги объектнинг ҳажми 30х18 метрни ташкил қилади. Баландлиги – 10 метр.

“Сўзим аввалида барчани бугунги байрам – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган куни билан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Федерациямиз ва шахсан ўз номимдан табриклайман. Бугун сиз азизлар билан пойтахтимиздаги 102-сон умумтаълим мактабида замонавий, барча талабларга жавоб берадиган дзюдо залининг тантанали очилиш маросимида кўришиб турибмиз. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамкорлигида бунёд этилган замонавий дзюдо зали маҳалла аҳли, мактаб ўқувчилари учун бугунги байрамга совға бўлди дейиш мумкин. Ишончим комил, бугун биз очилишида қатнашаётган бу кўркам спорт залидан ҳам яқин йилларда ўзбек спорти довруғини дунёга янада танитадиган дзюдочилар етишиб чиқади”, – деди А.Камилов.

Мактаб ўқувчилари ҳамда дзюдо ва турон яккакураш спорт тури вакилларининг кўргазмали чиқишлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади. Йил охиригача қолган вилоятларда ҳам айни пайтда қурилиш давом этаётган дзюдо заллари болажонларга совға қилинади.

Text to speech