Илк марта боксдаги икки улкан жамоа жаҳон чемпионати олдидан бирга матбуот анжуманида қатнашди
25 октябрь – 6 ноябрь кунлари Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича эркаклар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилади. Бугун пойтахтимиздаги “Orient Finance Bank” бош офисининг анжуманлар залида ушбу жаҳон чемпионатида қатнашадиган терма жамоамиз аъзолари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Муроджон Мамадалиев, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов, Куба бокс федерацияси президенти Альберто Пуиг, Куба терма жамоаси бош мураббийи Роландо Асебал ҳамда Ўзбекистон терма жамоасининг 13 нафар боксчиси, кубалик боксчилар ва жаҳон чемпионатига борадиган мураббийларимиз иштирок этишди.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 13 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олимпиячиларимизни қабул қилар экан, хориждаги энг кучли мактаб, терма жамоа ва марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича йўналиш берган эдилар. Мазкур йиғинга Кубанинг танлаб олиниши бежиз эмас. Унда боксчиларимиз билан Кубанинг 4 нафар Олимпия чемпионлари иштирок этди. Ўзбекистон бокс федерацияси Давлатимиз раҳбари берган топшириққа биноан ушбу спорт турида дунёнинг энг кучли жамоаларидан бирини йиғинга жалб қилди. Бу билан Куба боксининг методикаси, услуби билан яқиндан танишиб, тажриба алмашдик. Шу тариқа, сўнгги икки Олимпия ўйинларининг ғолиблари биргаликда машғулот олиб боришди. Ёдингизда бўлса, Рио-2016 Олимпиадасида Ўзбекистон, Токио-2020да эса Куба жамоаси ушбу спорт турида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган эди.
Анжуман давомида Куба бокси раҳбари ўзаро ҳамкорлик ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
“Дунёнинг энг кучли жамоаларидан бири билан ўтган ушбу йиғин биз учун ҳар томонлама фойдали бўлади, деб ўйлаймиз. Менимча, жаҳон чемпионатида медаллар учун асосий кураш 4 терма жамоа ўртасида кечади. Улар қаторига Куба ва Ўзбекистон ҳам киради. Мусобақада қайси жамоа 3 та олтин медаль қўлга кирита олса, катта эҳтимол улар умумжамоа ҳисобида етакчи бўлишади. Агар биз ЖЧда муваффақиятли иштирок этсак, бунда Ўзбекистоннинг ҳам ҳиссаси катта бўлади. Боиси бу жамоа билан йўлга қўйилган қўшма йиғин бизнинг тажрибамизни янада ошишига катта хизмат қилди. Бунинг учун Ўзбекистон бокс федерациясига миннатдорчилик билдираман”, – деди Альберто Пуиг.
Шунингдек, жамоамиз бош мураббийи Марат Қурбонов ҳам йигитларимиз мусобақага яхши тайёргарлик олиб боргани, барча юқори спорт формасида эканини таъкидлаб, яратилган шароитлар учун ҳукуматимизга миннатдорчилик билдириб ўтди.
«Таркиб ҳақида гапирадиган бўлсак, ёшлик шижоати ва улкан тажрибани уйғунлаштиришга ҳаракат қилдик. Сербияга кўплаб ёшларни олиб кетяпмиз. Бундан кўзланган мақсад 2023 йил Тошкентда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига ҳозирдан кучли жамоани шакллантириш. Шу боис таркибда кўплаб ёш боксчиларни учратиш мумкин», – деди Марат Галиевич.
Қолаверса, Муроджон Мамадалиев ҳам бу борадаги фикрлари билан қуйидагича ўртоқлашди:
«Қўшма йиғин тайёргарликнинг сўнгги босқичи бўлди. Унга давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилди. Бу йиғин терма жамоамиз учун жуда ҳам фойдали бўлди».
Анжуман давомида жаҳон чемпионатида иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси таркиби расман эълон қилинди. Унга кўра, бўлажак дунё биринчилигида юртимиз шарафини қуйидаги боксчилар ҳимоя қиладилар:
-48 кг: Нодиржон Мирзаҳмедов
-51 кг: Ҳасанбой Дўсматов
-54 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-57 кг: Миразизбек Мирзаҳалилов
-60 кг: Абдумалик Халаков
-63.5 кг: Мужибилло Турсунов
-67 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев
-71 кг: Шаҳрам Ғиёсов
-75 кг: Саиджамшид Жаъфаров
-80 кг: Одилжон Асланов
-86 кг: Шоҳжаҳон Абдуллаев
-92 кг: Мадияр Саидраҳимов
+92 кг: Лазизбек Муллажонов
Шунингдек, анжуман иштирокчилари мусобақа олдидан ўз фикрларини билдириб ўтишди. Қолаверса, ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиш имконига эга бўлишди.