Фахрий курашчимиз жаҳон чемпионатида совриндор бўлди
Айни кунларда Грециянинг Лутраки шаҳрида эркин ва юнон-рум кураши бўйича фахрийлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда.
Бир нечта ёш тоифасида ўтказилаётган дунё биринчилигида Зиёдулла Абдуллаев мураббийлигидаги уч нафар эркин ва юнон-рум курашчиларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Эркин кураш баҳсларида Абдужалил Абдураҳмонов (-62 кг) ва Усмонжон Юсупов (-88 кг), юнон-рум кураши беллашувларида Санжар Умархўжаев (-100 кг) гиламга чиқади.
Қувонарлиси, яқиндагина ўзининг 56 ёшини қаршилаган Абдужалил Абдураҳмонов ўз тоифасида, яъни 40 ёшдан ошганлар баҳсида жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди. Абдураҳмонов россиялик Герасим Дьяконовни 5-0, АҚШ вакили Жеффрей Маллеттни 4-0 ҳисобида енгди. Ярим финалда молдовалик Борис Саввага ютқазиб қўйди. Бронза медали учун кечган беллашувда эса арманистонлик Жора Хованнисянни 3-0 ҳисобида таслим этди. Ушбу вазн тоифасида Борис Савва жаҳон чемпиони бўлди.
Бугун Усмонжон Юсупов медаллар учун курашга киришади. Унинг илк босқичдаги рақиби қирғизистонлик Роман Сарибаев бўлади.