Ўзбекистон бильярд федерацияси раҳбариятига «Ўзбекистон спорт фахрийси» кўкрак нишони топширилди
Бугун МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон бильярд федерацияси раҳбариятини қабул қилди. Самимий руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ҳам иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон бильярд федерацияси раиси Ўткир Камилов, унинг ўринбосарлари Султонхўжа Маъруфхўжаев ҳамда Лутфулло Акбаров қатнашди. МОҚ раиси мутасаддиларни қабул қилар экан, уларга юртимизда ушбу спорт турини жонлантиришда олиб бораётган хизматлари учун ташаккур билдириб ўтди. Қайд этиш жоиз, сўнгги пайтда Республикамизнинг турли ҳудудларида бильярд бўйича бир қатор расмий мусобақалар ташкил этилиб, уларга қўшни мамлакат вакиллари ҳам жалб этилмоқда. Бильярд федерацияси раҳбариятининг олиб бораётган бундай хизматлари эътиборга олиниб, уларга «Ўзбекистон спорт фахрийси» кўкрак нишонлари топширилди.
Сир эмаски, бильярд ўйнаш кўплаб ёшларимизнинг севимли ҳоббиларидан бири ҳисобланади. Ташкил этилган федерациянинг саъйи-ҳаракатлари билан ёшларимиз ўз ҳоббилари билан спортчи мақомида шуғулланишлари, халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилишларига имконият яратиб берилмоқда.