Супер оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев 43 ёшда!
Бугун ўзбек боксининг таниқли вакилларидан бири, супер оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев таваллуд айёмини нишонламоқда.
Чагаев Руслан Шамилович 1978 йил 19 октябрь куни Андижонда дунёга келган. Ҳаваскор боксда фаолиятини бошлаган ҳамюртимиз икки карра Осиё ва жаҳон чемпиони, Бангкок-1998 Осиё ўйинлари ғолиби, Сидней-2000 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси ҳисобланади. 2007 йил Германияда ўтган бокс оқшомида россиялик Николай Валуевни енгиб, супер оғир вазн тоифасида WBA камарини қўлга киритган. Таъкидлаш жоиз, Чагаев оғир вазн тоифасида бундай титулга сазовор бўлган осиёлик илк боксчидир. Ватанимиз номини дунёга танитгани боис ҳукуматимиз томонидан “Буюк хизматлари учун” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” ҳамда “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Руслан Чагаевни таваллуд айёми билан табриклаб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва улкан муваффақиятлар тилаб қолади.