Ру En O'z
19 Октябрь 2021 1974

Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган самбочиларимиз тантанали кутиб олинди

Хабарингиз бор, 15-17 октябрь кунлари Грециянинг Салоники шаҳрида самбо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Бугун эрта тонгда ушбу мусобақада тарихий натижа қайд этган ҳамюртларимиз тантанали кутиб олинди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўтган тадбирда Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва спорт жамоатчилиги иштирок этишди. Қаҳрамонларимизга оркестр садолари остида гул ва чўпонлар тақдим этилди.

Тадбирнинг давоми Туризм ва спорт вазирлигининг биносида ўтказилди. Унда Аваз Каримов ва Ойбек Касимов сўз олиб, жамоамизни қўлга киритилган оламшумул натижа билан қутлашди. Шундан сўнг спортчиларимизга пул мукофотларининг сертификатлари топширилди. Унга кўра, олтин медаль эгалари 10 млн, кумуш медаль соҳиблари 5 млн ва бронза медалини қўлга киритган самбочиларимиз 3 млн сўмдан бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишади.

Эслатиб ўтамиз, самбочиларимиз ушбу жаҳон чемпионатида 6 та олтин, 3 та кумуш ва 8 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Россия терма жамоасидан сўнг иккинчи натижани қайд этишди. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон самбо федерацияси мазкур муваффақият билан қутлаб қолади.

Text to speech