Ру En O'z
18 Октябрь 2021 2230

Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ташкилий қўмитасининг биринчи брифинги ўтказилди

Бугун келаси йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказиладиган XIX Осиё ўйинлари ташкилий қўмитасининг биринчи брифинги ўтказилди. Айни пайтда юзага келган эпидемиологик вазият сабаб тадбир онлайн форматда ташкил этилди.

Тадбирда мусобақа ташкилий қўмитаси мутасаддилари, Ханчжоу шаҳри ҳокимлигининг раҳбарияти, Хитой Миллий Олимпия қўмитаси вакиллари, шунингдек, маҳаллий ОАВ офлайн иштирок этган бўлса, қитъамизнинг етакчи спорт журналистлари, телеканал вакиллари ва бошқа мутасаддилар ZOOM платформаси орқали уланишди. Тадбирда мамлакатимиз номидан Ўзбекистон МОҚ ҳамда юртимизнинг спортга ихтисослашган етакчи ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбир аввалида ташкилий қўмита мутасаддилари яна 327 кундан сўнг старт оладиган ушбу муҳим мусобақага олиб борилаётган тайёргарлик ҳақида тўхталиб ўтишди. Шундан сўнг ўз йўналиши бўйича мутахассислар мусобақага киритилган спорт турлари ва йўналишлари, объектлар, транспорт ва логистика тизими, ОАВ учун ажратилган медиа-марказ ва бошқа бир қатор соҳалар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Шуниси аҳамиятлики, мазкур Осиё ўйинларида илк бор Океания минтақаси давлатлари ҳам иштирок этади. Шунингдек, мутасаддиларнинг очилиш ва ёпилиш маросими учун тайёрланган дастурлари ҳақидаги маълумот ҳам тақдим этилди. Маълум қилинишича, маросимлар мухлисларнинг ёдида қолиши учун Хитой кино ва театр соҳасининг тажрибали мутасаддилари, йирик комплекс тадбирларда улкан тажриба тўплаган мутахассислар жалб этилади.

Брифинг давомида иштирокчилар учун Хитойга кириш-чиқиш жараёнларини соддалаштириш, уларга ажратилган қулайликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Шу тариқа, Ханчжоу-2022 XIX Осиё ўйинларига аталган биринчи брифингнинг илк куни ўз ишини якунлади.

Text to speech