Фарғонада билаги кучга тўлган полвонлар баҳслашишди
Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, шунингдек Россия Федерацияси, Тожикистон ва Қирғизистондан жами 468 нафар полвон иштирок этди.
Фарғонадаги кўп тармоқли «Само» спорт мажмуасида Туризм ва спорт вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Миллий Паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлар кенгаши ҳамда бир қатор спорт федерациялари билан ҳамкорликда ўзбек миллий ўйинларининг фаол тарғиботчиси, таниқли полвон Тўланбой Қурбонов хотирасига бағишлаб уч авлод вакиллари ўртасида тош кўтариш ва баҳодирлар ўйинлари бўйича очиқ халқаро турнир ташкил этилди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Республикамиз ҳудудида истиқомат қилаётган 76 нафар фахрий полвонлар, 152 нафар спорт фахрийлари иштирок этди.
Тантанали очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Хуршид Аҳмедов, Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси раиси Ойбек Норинбоев, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва бошқалар сўзга чиқишди. Шу ерда Республикамиздаги полвон ва дорбозлар гуруҳларида фаолият кўрсатган 35 нафар полвонга «Ўзбекистон спорт фахрийси» кўкрак нишони топширилди.
Халқаро турнир 3 та гуруҳда ташкил этилди. Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш мусобақаси қатнашчилари катта вазндаги юклар, машиналарни кўтариш ва тортиш, дорбозлар гуруҳларининг ўзбек полвонлари ўртасида ёш тоифалари бўйича тош кўтариш, найза отиш, камондан отиш мусобақаларида иштирок этишди.
17 тонналик «MAN» юк автомобилини 15 метр масофага торта олган Сурхондарё вилоятидан келган полвон Дилмурод Қурбонов мухлислар олқишига сазовор бўлди.
Халқаро турнир 8 та йўналишда ўтказилиб, ғолиблар медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.