Ру En O'z
16 Октябрь 2021 2119

Скандинавча юриш юзлаб соғлом турмуш тарзи тарғиботчиларини бирлаштирди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида бугун пойтахтимиз кўчалари бўйлаб Скандинавча юриш марафони ўтказилди.

Пойга Давлат санъат музейи олдида бошланди. Шундан сўнг иштирокчилар Ислом Каримов номидаги кўча бўйлаб Халқлар дўстлиги майдони томон ҳаракатланишди. Йўналишнинг умумий масофаси 4,6 километрни ташкил этди.

Тадбирда Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ ходимлари, Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов ва Вазирликнинг бошқа мутасаддилари, спорт таълим муасасаларининг раҳбарлари ва тренер-методистлари, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг енгил атлетика кафедраси талабалари, ушбу спорт ихлосмандларидан иборат жами 300 нафардан зиёд киши қатнашди.

Скандинавча юриш инсон саломатлиги учун фойдали жиҳати кўп бўлган йўналиш ҳисобланади. Шу боис унга бўлган қизиқиш бутун дунёда ортиб бормоқда. Бугун ўтказилган тадбир ҳам ҳамюртларимизнинг саломатликларига бефарқ бўлмасдан уларни ҳаракатга ундовчи ажойиб юришлардан бири бўлди.

Text to speech