Париж-2024 Паралимпиадаси тайёргарлигига хорижлик мутахассисларни жалб қилиш таклифи илгари сурилди
Токио-2020 Ўйинлари Паралимпиячиларимиз учун ҳам илиқ таассуротлар билан ёдда қолди. Бу гал лицензияларимиз ва спорт турлари географияси ортиб, янги марралар забт этилди. МОҚда бўлиб ўтган бугунги учрашувда Паралимпиячиларимизни Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Паралимпия ўйинларига ҳар қачонгидан ҳам пухта тайёрлаш масаласи кўриб чиқилди.
Йиғилишда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шезрод Ташматов, МОҚ мутасаддилари, шунингдек, Мухторхон Ташходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси вакиллари иштирок этишди.
Маълумки, Токио-2020 Паралимпия ўйинларида вакилларимиз 8 спорт турида иштирок этган. Бугунга келиб, Паралимпия қўмитаси тизимида 20 дан ортиқ спорт тури очилган бўлиб, тайёргарлик қамрови салмоқли даражада ошaди.
“Паралимпия ўйинлари инсон матонати, иродаси улкан эканини кўрсатиб берди. Шу ўринда, ҳамюртларимиз ҳам ўз иштироклари билан ажойиб натижа қайд этишди. Бироқ бу билан тўхтаб қолишимиз керак эмас. Кўплаб лицензия ва медаль берадиган йўналишларда хориж тажрибасини ўрганиш, уларга мутахассисларни жалб қилиш масаласини кўриб чиқайлик. Бу борада Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорликда ишлашга тайёр эканини билдиради”, – деди МОҚ раҳбари.
Шунингдек, учрашув давомида асосий таркиб ва захира спортчиларини саралаб олиш, янги давр учун ўқув-машғулот йиғинини тўғри ташкил қилиш бўйича стратегияни пухта ишлаб чиқиш, имконияти чекланган ҳамюртларимизни спортга янада кенг жалб қилиш бўйича атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.