Боксчи қизларимиз ҳам жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлашди
Айни кунларда Янгиобод спорт базасида бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси йиғин бошлади. Элшод Расулов бошчилигидаги қизларимиз ҳам дунё биринчилигига ҳозирланишмоқда.
Йиғинга 20 дан ортиқ спортчи жалб этилган. Бу тайёргарликнинг биринчи босқичи бўлгани учун асосан руҳий ва жисмоний тайёргарликка эътибор қаратилган. Бу борада жамоа мураббийи қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
“Биз ҳам йигитларимиз каби жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошладик. Қизларимиз яқинда Болгария, Россиядаги халқаро мусобақада иштирок этиб келишгани учун уларда руҳий ва жисмоний чарчоқ бор. Дастлабки йиғинда ушбу камчиликларни тўлдиришга ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, бир қатор вазн тоифаларида асосий рақибларимизни ўрганиб, уларга қарши тактик режалар устида ҳам ишлаяпмиз”, – деди Элшод Расулов.
Қайд этиш жоиз, бу йил аёллар ўртасидаги бокс бўйича жаҳон чемпионати декабрь ойида Туркияда бўлиб ўтади.