Тошкент туманидаги арена чавандозларимиз учун қайта таъмирланди
Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган “Фурқон” от спорти клуби қайта таъмирланиб, фойдаланиш учун топширилди.
Ҳукуматимизнинг кўмаги билан от спортини янада ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги пайтлар фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган “Фурқон” от спорти клубининг реконструкция қилиниши чавандозларимиз учун чинакам байрамга айланди. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси мутасаддилари ва спорт жамоатчилиги вакиллари иштирок этишди.
Маросим доирасида ёшлар ва катталар ўртасида конкур бўйича мусобақа ҳам ўтказилди. Шунингдек, кечанинг шоу дастури 190 см баландликдаги тўсиқдан ўтиш дастури бўлди. Якунда тадбир иштирокчилари, ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди.