Рустам Шоабдураҳмонов БЎСМ ва ИБЎСМ мутасаддилари билан учрашди
Маълумки, Болалар-ўсмирлар спорт мактаби (БЎСМ) ҳамда Ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари (ИБЎСМ) терма жамоаларимизга кучли захира вакилларини етказиб берувчи, ёшларимизнинг мунтазам жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларини таъминлаб турувчи масканлар ҳисобланади. МОҚ раҳбари бугун пойтахтимиздаги ана шундай даргоҳ мутасаддилари билан учрашди.
Учрашув Олмазор туманидаги мактаблардан бирида ўтди. Унда, шунингдек, Туризм ва спорт вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси вакиллари, БЎСМ ва ИБЎСМ раҳбарияти, МОҚ ходимлари иштирок этишди.
Йиғилишда МОҚ раҳбари ушбу бўғин олий спортда эришиладиган улкан ютуқларимизнинг асосий таянчларидан бири эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Ҳурматли Президентимиз илгари сураётган оммавий спорт тарғиботининг асоси Сизлардан бошланади. Юқори натижаларга эришишни мақсад қилаётган эканмиз, барча бўғинлар биргаликда тизимли ишга тушишини йўлга қўйишимиз керак. Олдимизда турган Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларидан сўнг ўтадиган комплекс мусобақаларга ёшларимизни ҳозирдан тайёрлаб боришимиз керак. Бу бўйича барча федерацияларимиз билан янги стратегияларни муҳокама қилиб чиқяпмиз. Ҳа, соҳада қатор муаммолар мавжуд. Айниқса, Олимпия захиралари коллежлари, ЎзДЖТСУда бу борадаги қабул масаласи шулар жумласидан. Барчасини биргаликда муҳокама қилиб, уларга ечим топамиз”, – деди МОҚ раҳбари.
Суҳбат давомида “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига қуриладиган янги объектлардан унумли фойдаланиш, спорт оммавийлигини янада тарғиб қилиш мақсадида уларни тўғри ишлатиш каби мавзуларда фикрлар билдирилди. Шунингдек, МОҚ раҳбари яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида барчани фаол иштирок этишга чорлаб қолди.