Ру En O'z
13 Октябрь 2021 1661

“Олимпик” “Нурафшон”ни йирик ҳисобда мағлуб этди

Бугун футбол бўйича Про-лига баҳсларининг навбатдаги тур учрашувлари бўлиб ўтди. Улардан бирида МОҚ қошида ташкил этилган “Олимпик” клуби Бухоронинг “Нурафшон” клубини қабул қилди.

ЖАР стадионида кечган баҳс Тимур Кападзе шогирдларининг ташаббуси остида ўтди ва ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди. Ўйинда улкан устунликка эга бўлган “Олимпик” якунда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоа сафида Бектемир Абдуманнонов дубль қайд этган бўлса, Муҳаммадазиз Иброҳимов, Алишер Одилов ва Фарруҳ Мухторов ўз ҳисобларига биттадан гол ёзиб қўйишди.

Про-лига, 21-тур
Олимпик – Нурафшон 5:0
Голлар: 15 – Муҳаммадазиз Иброҳимов (1:0), 17 – Бектемир Абдуманнонов (2:0), 36 – Алишер Одилов (3:0), 70 – Фаррух Мухторов (4:0), 90 – Бектемир Абдуманнонов (5:0)

Қайд этиш жоиз, ушбу учрашувни МОҚ мутасаддилари ҳам бевосита стадиондан кузатиб боришди.

Ушбу ғалабадан сўнг “Олимпик” турнир жадвалида 3-ўринга кўтарилиб олди. Эслатиб ўтамиз, мавсумни ушбу поғонада тугатган клуб Суперлигада 12-ўринни эгаллаган жамоа билан янги мавсумда элитада иштирок этиш учун ўтиш учрашувида иштирок этади.

Бугунги кунгача Фарғонанинг «Нефтчи» ва Самарқанднинг «Динамо» клублари келаси мавсум Суперлигида иштирок этиши аниқ бўлиб улгурди. Бу билан ушбу клубларни қутлаб қоламиз. Ўз навбатида, ўтиш босқичи орқали сўнгги йўлланма сари кураш олиб борадиган жамоамизга ҳам омад тилаймиз.

Text to speech