Юртимизда биринчи маротаба ўтказиладиган халқаро синов-имтиҳони олдидан матбуот анжумани ўтказилди
14-19 октябрь кунлари Тошкентда илк бор қиличбозлик бўйича ҳакамлар учун халқаро даражадаги синов-имтиҳон бўлиб ўтади. Президентимизнинг спортнинг ҳар бир соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш бўйича берган топшириқларига биноан дастлаб мураббийлар учун ана шундай халқаро даражадаги тадбир ўтказилган эди. Яқин 1 ҳафта мобайнида ҳакамлар учун тадбир ташкил қилинади. Унда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ташриф буюрадиган реферилар шпага, рапира ва сабля қуролларида Халқаро тоифадаги ҳакам даражасига эга бўлиш учун имтиҳон топширишади.
Бугун МОҚ Мажлислар залида мазкур тадбирга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбарияти, Халқаро қиличбозлик федерациясининг ҳакамлар ҳайъати вакиллари иштирок этишди. Ушбу тадбир давомида АҚШ, Саудия Арабистони, Қувайт, Ироқ, БАА, Сурия, Қозоғистон, Иордания, Камбоджа каби мамлакат ҳакамлари халқаро даражани олиш учун тест топширадилар.
Регламентга кўра, имтиҳон 3 қисмдан иборат: назарий, видеотаҳлил ва амалий. Амалий имтиҳонни назарий ва таҳлилий йўналишдан ўта олган номзодларгина топширишлари мумкин.
Анжуман давомида Халқаро қиличбозлик федерацияси ҳакамлар комиссияси вакиллари Ирина Каниш, Ольга Кожалари ва Фержани Салах мавзу юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.