Ханчжоу-2022, Париж-2024: Денис Истоминни таркибда яна кўрамизми?
Терма жамоаларимизнинг Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаларига қаратилган йиғилишлар давом этмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири Ўзбекистон теннис федерацияси билан ўтказилди. Учрашувни МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов олиб борди. Унда, шунингдек, Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби Ирода Тўлаганова, терма жамоа мураббийлари ва Қўмитанинг мутасадди вакиллари иштирок этишди.
Шубҳасиз, кўпчиликни янги Олимпиада циклида ҳам Денис Истоминнинг иштирок этиши ҳақидаги савол қизиқтирган. Бу борада Ирода Тўлаганова шундай изоҳ берди:
“Ҳозирда терма жамоамиз вакилларидан фақат 4 нафар теннисчи: Денис Истомин, Ҳумоюн Султонов, Санжар Файзиев ва Сергей Фомин АТР ва Челленжер таснифига кирувчи мусобақаларда иштирок эта олади. Айнан ушбу мусобақалар орқали Олимпиадага йўлланма берувчи рейтинг ўрнига кириш мумкин. Уларнинг ортидан келаётган бир қатор умидли ёшларимиз бор, аммо уларнинг юқори даражага чиқиши учун вақт керак”.
13 август куни давлатимиз раҳбари Олимпиячиларимизни қабул қилар экан, Париж-2024 Олимпия ўйинларига жамоавий спорт турларида ҳам йўлланмалар қўлга киритиш бўйича топшириқ берган эди. Ўзбекистон баскетбол федерацияси билан ўтган суҳбатда мазкур вазифани амалга ошириш ечимлари муҳокама қилинди. Маълумки, баскетболнинг 2 йўналиши Олимпия ўйинларига киритилган. Суҳбат давомида жамоаларимизнинг лицензион мусобақага тайёргарлиги учун керакли шароитларни яратиш, узликсиз ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиш каби масалалар кўрилди.
Шунингдек, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси мутасаддилари шахсий йўналишдан ташқари жамоавий дастурда ҳам йўлланма қўлга киритиш асосий мақсад эканини таъкидлашди. Суҳбатда бу борада аҳамият қаратилиши керак бўлган қўшимча факторлар муҳокама қилинди. Қайд этиш жоиз, регламентга кўра, қиличбозликда жамоавий йўлланмага эга бўлган терма жамоалар шахсий дастурга ҳам бир вақтнинг ўзида 4 та лицензияга эга бўлишади.
Шунингдек, кучли жамоа шакллантирётган Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси билан ҳам қатор истиқболли режалар муҳокама қилинди. Йиғилиш давомида мутасаддиларга олдинга қўйилган мақсадни амалга ошириш бўйича қўшимча тавсиялар берилиб, камчиликлар кўриб чиқилди.