Ру En O'z
12 Октябрь 2021 1621

МОҚ Саудия Арабистонида муваффақиятли иштирок этган оғир атлетикачиларимизни қутлайди

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси оғир атлетика бўйича ўсмирлар терма жамоамизни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этгани билан самимий муборакбод этади.

Маълумки, оғир атлетика мамлакатимиз ёшларининг энг севимли спорт турларидан бири бўлиб келмоқда. Ёшларимиз Руслан Нурудинов, Акбар Жўраев каби Олимпия ўйинлари ғолиб ва рекордчиларига ҳавас қилиб ушбу спорт билан шуғулланишмоқда. Жиддада ўтган мусобақа ўзбек оғир атлетикасининг келажаги порлоқ эканини кўрсатиб турибди. Шубҳасиз, бунда федерация мутасаддилари ва мураббийлар штабининг машаққатли меҳнати турганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Паҳлавон ёшларимиз 100 га яқин мамлакат вакиллари орасида ўз куч ва иродаларини намойиш этиб, 4 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медaлларига сазовор бўлишди. Йигитларимиз эса медаллар жамғариш бўйича жамоавий ҳисобда фахрли учинчи ўринни эгаллади. Айниқса, Қурбонмурод Намозовнинг мутлақ чемпионликни қўлга киритгани уни порлоқ келажак кутаётганидан далолат беради.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон оғир атлетика федерациясини ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қўлга киритилган муваффақият билан яна бир бор самимий муборакбод этиб, Президентимиз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг қудратини бутун дунёга намойиш этиш йўлида куч-ғайрат тилаб қолади.

Text to speech