Ўзбекистон чавандозлари Евроосиё кубогида ғалаба қозонди!
7-10 октябрь кунлари Россия Федерацияси, Москва шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича Евросиё кубоги бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари муваффақиятли иштирок этишди.
Мусобақа якунларига кўра, Бекзод Қурбонов «King Cornet L» лақабли оти билан турнирнинг мутлақ чемпионига айланди, Умид Камилов эса “Nero Uno Rafael” лақабли отда кумуш медалини қўлга киритди. Яна бир чавандозимиз Аъзам Толиббоев ўзининг “Lady” лақабли отида фахрий тўртинчи ўринни банд этди.
Сўнгги йилларда ушбу спорт тури, қолаверса, наслчилик ва зотдор отларни кўпайтириш бўйича давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамҳўрлик самараси ўлароқ от спортида чавандозларимиз халқаро майдонда маълум ютуқларга эришишмоқда. Бу сафарги мусобақа ҳам сўзимизнинг амалий исботидир.
Фурсатдан фойдаланиб, спортчи ва мураббийларимизни, Ўзбекистон Йилқичилик ва от спорти федерациясини мазкур ғалаба ва ажойиб натижа билан табриклаймиз!