Аёллар кураши бўйича мамлакат кубоги Хоразм жамоасига насиб этди
Навоий шаҳридаги Яккакураш турларига ихтисослаштирилган Болалар-ўсмирлар спорт мактаби залида ўтказилган аёллар кураши бўйича Ўзбекистон кубоги якунига етди.
Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан 100 нафарга яқин 2006-2007 йилларда таваллуд топган ўсмир қизлар медаллар учун баҳс олиб боришди. Икки кун давом этган ва 10 та вазн тоифасида ташкил этилган беллашувларда бироз кутилмаган натижа кузатилди.
Хоразм вилояти аёллар кураши жамоаси мамлакатимизда етакчи ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилояти жамоаларини ортда қолдириб, Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. Қорақалпоғистонлик курашчи қизлар иккинчи ўринни банд этишган бўлса, кучли учликка мезбонлар Навоий вилояти жамоаси якун ясаб берди.
Шунингдек, Ўзбекистон кубоги доирасида мураббийлар ва ҳакамлар учун семинар ҳам ўтказилди.