Бокс хабарлари: Бухорода мамлакат чемпионати бошланди, Софияда қизларимиз олтита медаль жамғаришди
Бугун Бухорода ёшлар ўртасида бокс бўйича мамлакат чемпионати старт олди. Софиядаги халқаро мусобақада қатнашган қизларимиз жамоамиз ҳисобига 6 та медаль тақдим қилишди.
Бухоро ОЗК мезбонлик қилаётган мусобақада бугун тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов ва федерация мутасаддилари, Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари Фазлиддин Ғоибназаров ва Аббос Атоев, шунингдек, бир қатор жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Мусобақада Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 400 нафарга яқин ёш боксчилар 13 вазн тоифасида беллашишмоқда. Регламентга кўра, чемпионат 17 октябрга қадар давом этади.
Болгариянинг София шаҳрида ўтказилган “Балкан” мусобақасида эса қизларимиз 1 та кумуш ва 5 та бронза медалини жамғаришди. Вакилларимиздан Хадичабону Абдуллаева (-66 кг) финал йўлланмасига эга бўлди. Ярим финал босқичига етиб борган Гуласал Султоналиева (-48 кг), Маржона Савриева (-50 кг), Турсуной Раҳимова (-51 кг), Ситора Шагдарова (-54 кг) ҳамда Соҳиба Рўзметова (-75 кг) бронза медали билан тақдирландилар.