Ру En O'z
9 Октябрь 2021 2501

Ўзбекистонда Этноспорт ассоциацияси ташкил этилди

Тошкент шаҳрида «Ўзбекистонда этноспортнинг ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси жаноб Нежмеддин Билол Эрдоған очиб берди.

«Ўзбекистонда миллий спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш мамлакатимиз раҳбарияти томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслардан бири ва номоддий маданий меросни асраш, шунингдек, аҳоли орасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ва оммалаштириш соҳасидаги асосий масалалардан биридир. Шу мақсадда ташкил этилган халқаро конференция «Ўзбекистонни этноспорт ва миллий қадриятлар орқали кашф этинг!» шиори осида ўтказилди. Халқ ўйинлари қадимдан давлатчилик шаклланиши, жамоани бирлаштириш ва ҳимоя қилишда ҳам юксак аҳамият касб этган. Бугунги кунда, улар шахсни жисмонан соғлом, қатъиятли, сабр-матонатли, ҳозиржавоб ва маънавий етук бўлиб камол топишига хизмат қилмоқда. Бир халқнинг тарихи минг йиллар давомида шакллангани унинг моддий ва маданий бойликларида, этнографиясида акс этади. Шундай экан, фурсатдан фойдаланиб, барчага Ўзбекистон Этноспорт ассоциацияси очилиши ҳақида маълум қиламан», – деди Азиз Абдуҳакимов.

Шундан сўнг Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси Нежмеддин Билол Эрдоған сўзга чиқиб, халқ ўйинлари ҳамда уларнинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлади. Бундан ташқари, юксак мартабали меҳмон юртимизга бешинчи марта ташриф буюргани ва унинг тарихи ҳамда қадриятларидан катта таассуротда эканини айтиб, сўнгги вақтда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳамда спорт соҳаси ривожига бўлган эътиборни юксак эътироф этди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Этноспорт ассоциацияси раҳбари сифатида Ойбек Норинбаев таништирилди.

Таъкидлаш жоизки, ўзбек халқи кўп асрлар давомида кураш, белбоғли кураш, улоқ-кўпкари, Турон, Бойқўрғон каби миллий спортининг асосчиларига айланган курашчи-полвонлари ҳамда афсонавий чавандозлари билан машҳур бўлган. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли ҳақли равишда Ўзбекистоннинг маданий мероси бўлган миллий спортимизни дунёга намойиш этиш имконияти пайдо бўлди.

Бугунги кунда дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатида спортнинг кураш тури ривожланган ва унинг Осиё ўйинлари дастурига киритилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё спорти тарихидаги муҳим воқеалардан бири эканлигини таъкидлаш қувонарли.

2020 йилда «Турк дунёси пойтахти» деб эълон қилинган Хива шаҳрида ҳар йили Бутунжаҳон баҳодирлар ўйинлари федерацияси (WСФ) кўмагида Паҳлавон Маҳмуд номини абадийлаштириш мақсадида «Баҳодирлар ўйинлари» халқаро турнири ўтказилади. Турнир ўзбек халқининг буюк фарзанди, ўз даврида Марказий Осиё, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон ва Ҳиндистонда машҳур курашчи, устоз, файласуф ва сўфий бўлган Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишлаб ташкил этилади.

Бундай тадбирларнинг ўтказилиши, шубҳасиз, спорт туризмини ривожлантириш, имижини яхшилаш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш борасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга ёрдам беради.

Тадбир доирасида Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси, унинг раиси жаноб Нежмеддин Билол Эрдоған ҳамда Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ўртасида Миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантиришга доир Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бундан ташқари, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси ва Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси ўртасида ҳам ана шундай ҳужжатга имзо чекилди.

Text to speech