Нукусда илк бор аралаш жанг санъатлари бўйича Марказий Осиё чемпионати старт олмоқда
Маълумки, 9-10 октябр Нукус шаҳри аралаш жанг санъатлари бўйича ҳаваскорлар ўртасида биринчи маротаба ўтказилаётган Марказий Осиё чемпионатига мезбонлик қилади.
2020 йил 9 февралда Марказий Осиё аралаш жанг санъатлари Конфедерацияси (CАММАC)га асос солинган эди. Эртага илк маротаба старт оладиган чемпионат айнан CАММАC, Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси ва Ўзбекистон жанг санъатлари ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда. Табиийки, турнирда ушбу ташкилотга аъзо 5та мамлакат вакиллари иштирок этади. Булар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон аралаш жанг санъати усталардир.
Бугун ушбу мусобақага бағишлаб Нукус ҳарбий гарнизонидаги маданият саройида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда ташкилотчилар ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.
Шунингдек, матбуот анжуманида мусобақанинг фахрий меҳмони – Халқаро аралаш жанг санъати федерацияси президенти жаноб Керрит Браун сўзга чиқиб, чекка-чекка ҳудудларда ҳам спорт турларига берилаётган эътибор, спортчилар учун яратилаётган шароитлар туфайли бугунги кунда халқаро майдонларда ўзбек спортининг нуфузи ортиб бораётганлиги ҳақида илиқ фикрлар билдириб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистондаги БЎСМ, Олимпия захиралари коллежи ўқувчилари ҳам иштирок этишди.
Эртага, 9 октябрь куни Марказий Осиё чемпионати бошланади. Унга кўра, спортчилар 52.2 кг, 56.6 кг, 61.2 кг, 65.8 кг, 70.3 кг, 77.1 кг, 83.9 кг, 93 кг, 120 кг ҳамда 120 кг.дан юқори вазн тоифаларида саралаш баҳсларига киришади. Мусобака Нукус шаҳридаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли «Манеж» спорт мажмуасида ўтказилади.