Осиё қиличбозлик конфедерацияси Бош Ассамблеясига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Эртага пойтахтимизда Осиё қиличбозлик конфедерациясининг навбатдаги Бош Ассамблеяси бўлиб ўтади. Бугун ушбу тадбирга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош котиби Гулнора Саидова, Осиё қиличбозлик конфедерациясининг айни пайтдаги раҳбари Русни Ал Ҳассан, тадбирни кузатиш учун ташриф буюрган Халқаро қиличбозлик федерацияси вакили Величка Христева ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
“Жуда муҳим тадбир олдида турибмиз. Ўзбекистон ҳукуматидан мураккаб даврда бизни қўллаб-қувватлаб келаётгани учун миннатдормиз. Эртага ташкилотимизнинг навбатдаги Бош Ассамблеяси бўлиб ўтади. Унда Конфедерациянинг 2024 йилгача бўлган даври учун янги раҳбарияти аниқлаб олинади”, – деди Русни Ал Ҳассан.
Ўз навбатида, Величка Христева ҳам фикрлари билан қуйидагича ўртоқлашди:
“Ўзбекистонга бешинчи бор келишим. Мамлакатингизга ҳар келганимда унинг ривожланиб бораётганини кўриб турибман. Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти Алишер Усмонов ушбу сайлов шаффоф бўлиши лозимлигини таъкидлади ва ҳамкасбларимиз кузатувчилик учун мени танлашди. Ўзбекистон мезбон сифатида барчасини аъло даражада йўлга қўйганини кўриб турибман”.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, ташкилотнинг янги Олимпиада цикли учун раҳбарлигига БАА ва Сингапур вакиллари номзодлик қилмоқда. Бош Ассамблея давомида ташкилот раҳбарлигидан ташқари вице-президентлар ва Ижроия қўмитасига ҳам номзодлар сайлаб олинади.