Ру En O'z
7 Октябрь 2021 1817

Халқаро аралаш жанг санъати федерацияси президенти МОҚга ташриф буюрди

Маълумки, 9-10 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида аралаш жанг санъати бўйича Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Мазкур мусобақанинг фахрий меҳмони – Халқаро аралаш жанг санъати федерацияси президенти Керрит Браун МОҚга ташриф буюрди.

Меҳмон бугун Тошкентга келди ва ташрифини Қўмитамиздан бошлади. Уни Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти қарши олди. Шундан сўнг Қўмита раҳбарияти ва Керрит Браун бир қатор масалалар бўйича суҳбатлашишди.

“Юртимизда Президентимизнинг жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзига қаратаётган эътиборлари туфайли спорт билан шуғулланувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Хусусан, аралаш жанг санъати ёшларимизнинг севимли йўналишларидан бири. Ҳамюртларимизнинг қатор мусобақаларда муваффақиятга эришаётганлари бунга яққол мисол. Сиз каби мартабали меҳмонларнинг ташрифи ушбу спортга бўлган қизиқишнинг янада ортишига сабаб бўлади”, – деди МОҚ раҳбари.

Ўз навбатида Браун ҳам ташрифидан катта таассурот олганини айтиб ўтди.

“Мени мамлакатингизга таклиф қилганингиз ва илиқ кутиб олганингиз учун ташаккур. Спорт доимо менинг юрагимда. Ўзим собиқ дзюдочи, Олимпиада совриндори сифатида юртингиздаги спортга бўлган бундай эътиборга юқори баҳо бераман. Ишониш мумкминки, бундай илдамлик билан мамлакатингиз келажакда спорт оламида янги марраларни забт этади. Бу эса Ўзбекистонни келажакдаги яқин ҳамкорларимиздан бири сифатида кўришдек таассурот уйғотмоқда”, – деди Керрит Браун.

Суҳбатдан сўнг мартабали меҳмон МОҚнинг фахрий меҳмонлар китобига ўзининг дил-изҳорларини ёзиб қолдирди. Якунда унга МОҚнинг эсдалик совғалари топширилди.

Text to speech