Баҳромжон Газиев Халқаро от спорт федерацияси президенти билан учрашди
Маълум қилганимиздек, Испаниянинг Барселона шаҳри от спортининг конкур йўналиши бўйича «Миллатлар кубоги»нинг финал босқичига мезбонлик қилди. Ушбу тадбир доирасида Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев халқаро федерация раҳбари билан суҳбатлашди.
Халқаро от спорти федерацияси президенти Ингмар де Вос билан ўтган учрашувда Баҳромжон Газиев ҳар икки томон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш борасида қатор истиқболли режаларни муҳокама қилди. Қайд этиш жоиз, терма жамоамиз мураккаблиги жиҳатдан Олимпия ўйинларидан сўнг турувчи «Миллатлар кубоги» финалида ўз тарихида илк бор иштирок этиб, улкан тажриба орттирди. Бу ривожланиш йўлида жуда катта қадам эканлигини Ингмар де Вос алоҳида таъкидлади ва чавандозларимизга келгуси мусобақаларда янада улкан ғалабаларни қўлга киритишини тилаб қолди.
Учрашув якунида ҳар икки томон ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан мамнун эканини таъкидлаб, Баҳромжон Газиев самимий суҳбат учун миннатдорчилик билдирди.