Тошкент мезбонлик қиладиган триатлон бўйича Осиё кубогининг матбуот анжумани ўтказилди
9-10 октябрь кунлари пойтахтимиз триатлон бўйича Осиё кубогига мезбонлик қилади. Бугун “Ичан қалъа” меҳмонхонасида ушбу мусобақага бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун, мусобақа техник делегати Сажад Бағериандехорди ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Тадбирни Рустам Шоабдураҳмонов очиб берди.
“Триатлон бўйича биз учун муҳим аҳамиятга эга мусобақа арафасида турибмиз. Ушбу спорт мамлакатимизда катта тезликда оммалашиб бормоқда. Ҳурматли Президентимиз соғлом турмуш ва оммавий спорт тарғиботини ривожлантиришга катта эътибор қаратаётган эканлар, бу каби турнирларнинг аҳамияти улкан. Триатлон Ўзбекистонда аввалдан бор бўлган, бироқ 2019 йил май ойидан миллий федерациямизга эга бўлганимиз бу спорт тараққиётида муҳим бурилиш бўлди. Терма жамоамизга хориждан кучли мутахассислар олиб келинди. Бу олдинда турган Олимпиадага лицензия олишдек улкан мақсадларимиз йўлидаги қадамдир”, – деди МОҚ раҳбари.
Шунингдек, Ойбек Касимов ушбу спорт тарғиботи йўлида қўшимча фикрларни билдирди:
“Йил аввалида аҳолимиз орасида спорт тарғиботини кучайтириш мақсадида камида 20 та катта нуфуздаги халқаро мусобақани қабул қилиш бўйича давлатимиз раҳбаридан топшириқ олган эдик. Ушбу мусобақа триатлон оммавийлигини ошириш йўлидаги шундай турнирлардан. Мухлисларимиз йирик мусобақаларни соғинишди. Дам олиш кунлари учун бу каби турнирлар томошабинларимизга маъқул келишига ишонамиз. Ўзбекистон триатлон федерацияси ўз спортини “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига киритиш бўйича таклиф билдирган эди. Бу таклиф қўллаб-қувватланмоқда”.
Тадбир давомида Елена Кун мусобақа ҳақида қўшимча маълумот берди. Унга кўра, 9 октябрь санасида профессионал, 10 октябрь куни эса ҳаваскорлар ўртасидаги баҳслар бўлиб ўтади. Пойгалар Юнусобод туманидаги “Узэкспомарказ” атрофида ўтказилади. Регламентга кўра, сузиш баҳслари 750 метр, велопойга 20 км, югуриш 5 км масофада бўлади. Унда терма жамоамиз шарафини 5 нафар спортчимиз ҳимоя қилади.