Конкурчиларимиз Миллатлар кубогининг финал босқичида иштирок этишди
Жорий йил от спортининг конкур йўналиши бўйича жамоамиз саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтиб, Миллатлар кубогининг финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритгани ҳақида маълум қилган эдик.
1-3 октябрь кунлари Барселона шаҳрида бўлиб ўтган финал мусобақасида Бельгия, Германия, Буюк Британия, Ирландия, Италия, Испания, Франция, Канада, Бразилия, Ўзбекистон, Нидерландия, Швеция, АҚШ, Норвегия, Швейцария каби ўз минтақасининг энг кучли жамоалари йиғилди. Жамоамиз унда қитамизнинг ягона вакили сифатида эътироф этилгани аҳамиятли.
Мусобақада вакилларимиздан Бекзод Қурбонов, Аъзам Толиббоев, Умид Комилов ва Баҳромжон Газиев иштирок этишди. Спортчиларимиз ушбу турнирда муносиб чиқиш қилиб, охиригача курашишди ва бор имкониятларини ишга солишди. Афсуски, ҳамюртларимиз бу сафар медаль қўлга кирита олмади. Шундай бўлса ҳам биз спортчиларимиз билан фахрланамиз. Дунёни ларзага солган пандемия туфайли кўплаб қийинчиликлар юзага келди. Барча қийинчиликларга қарамай, жамоамиз бу турнирга етиб келди ва катта тажрибага эга бўлди. Ғолиблик Нидерландия жамоасига насиб этди.
Биз таслим бўлмаймиз, спортчиларимиз астойдил ҳаракат қилиб, маҳоратларини оширадилар. Бу охирги турнир эмас. Умид қиламизки, келажакда спортчиларимиз йирик халқаро турнирларда қатнашиб, яхши натижалар кўрсатади ва юртимизга шода-шода медалларни тақдим этади.