Ру En O'z
5 Октябрь 2021 1792

Спортчиларимизнинг маънавий дунёқаришини кучайтиришга эътибор янада кучаяди

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўнгги йиғилишларда ёшларимизга, айниқса, уларнинг маънавиятини юксалтиришга жуда катта эътибор қаратмоқдалар. Шубҳасиз, бу борада спорт йўналишининг ҳам ўзига яраша хизмати бор. Айниқса, ёшларимизнинг бўш вақтларини спорт билан машғул қилиш, уларни жисмонан чиниқтириш олдимизда турган асосий вазифалардан биридир.

Бироқ сир эмаски, сўнгги пайтларда спортчиларимиз билан юзага келаётган бир қатор вазиятлар кўнгилни хира қилмоқда. Бир қатор нуфузли мусобақаларда, халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилган йигитларимиз кўча жангларига аралашиб қолмоқда. Бугун МОҚда тегишли ташкилот мутасаддилари, федерация ва ассоциация вакиллари билан бу каби ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тадбир ўтказилди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Ички ишлар вазирлиги, Бош прократура, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, “Нуроний” жамғармаси вакиллари, спорт федерация ва ассоциациялари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Рустам Шоабдураҳмонов очиб берди ва мавзунинг қанчалик долзарблиги ҳақида тўхталиб ўтди.

“Дарҳақиқат, бу чиндан ҳам долзарб мавзу. Президентимиз бу йўналишга ҳам катта эътибор қаратмоқдалар. Биз ёшларимизнинг онгини, бўш вақтларини спорт билан, маънавият билан банд қилишимиз керак. Тарихдан мисоллар кўп, агар биз ёшларимизнинг бўш вақтини банд қилмасак, бу иш билан бошқалар шуғулланади. Шунинг учун бунга жиддий аҳамият қаратишингизни, ҳар бир терма жамоаларимизда спортчимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкиллаштиришни сўраб қоламиз”, – деди МОҚ раҳбари.

Шунингдек, тадбир давомида соҳанинг мутахассислари ҳукуматимиз бошчилигида бу борада олиб борилаётган ишлар, йўлга қўйилаётган дастурлар ҳақида маълумот беришди. Йиғилиш якунида ҳар бир федерациямизда маънавий-маърифий йўналишни кучайтириш, тегишли дастурларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилиб, бу каби тадбирларни давом эттириш бўйича келишиб олинди.

Text to speech