Халқаро оғир атлетика федерациясининг Ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди
Маълум қилганимиздек, эртага Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати старт олади. Бугун мусобақадан аввал Халқаро оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитасининг йиғилиши ўтказилди.
Тадбир давомида декабрь ойи Тошкентда ўтиши кутилаётган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ташкилий масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, 4 йилда бир маротаба ўтадиган халқаро ташкилот раҳбарлиги сайлови ҳам Тошкентда ЖЧ арафаси ўтказилиши ҳақида келишиб олинди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов Саудия Арабистони федерацияси раҳбари Муҳаммад Ал Ҳарби билан учрашиб, ҳар икки мамлакат федерациялари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича суҳбатлашди. Илиқ ва самимий ўтган учрашув якунида Шаҳрулло Маҳмудов Муҳаммад Ал Ҳарбига Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг эсдалик совғасини тақдим қилди.