Ру En O'z
4 Октябрь 2021 5650

Тошкент-2025: Мусобақа объектларининг қурилиш жараёни муҳокама қилинди

2025 йилнинг май ойида Тошкент шаҳри IV ёзги ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Қитъамизнинг энг кучли ёш атлетлари куч синашадиган мазкур мусобақага тайёргарлик давом этмоқда.

Бугун МОҚ раҳбарияти мусобақа учун қуриладиган янги объектлар ва дастурга киритиладиган спорт турлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Қўмита Бош котиби, “Тошкент-2025” дирекцияси директори Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ҳамда Қўмитанинг тегишли мутахассислари иштирок этишди.

Йиғилишда Ойбек Касимов Қибрай туманида барпо этилиши кўзда тутилган Олимпия шаҳарчасида спорт объектлари учун ажратилган майдон, дастурга киритиладиган спорт турларининг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг Рустам Шоабдураҳмонов тайёргарлик жараёнини кучайтириш бўйича ўз фикрларини билдирди.

“Бўлажак мусобақа халқимиз учун ҳақиқий спорт байрами бўлади. Уни юқори даражада ташкиллаштириб, Президентимиз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг қудратини бутун жаҳонга кўрсатиб беришимиз керак. Мусобақага қуриладиган янги объектлар кейинчалик мамлакатимизда спорт оммавийлигини оширишда ҳам хизмат қилиши лозим. Ҳукуматимиз бизни қўллаб-қувватлар экан, шунга муносиб лойиҳаларни тақдим қилайлик”, – деди МОҚ раҳбари.

Суҳбат давомида қурилиш дирекциясининг якуний рўйхатини Туризм ва спорт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳри ҳокимияти билан тўлиқ келишиб олиш, спорт федерация ва ассоциациялари билан келишиш, дастурга киритиладиган спорт турлари рўйхатини яна бир бор муҳокама қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Қайд этиш жоиз, бўлажак мусобақа учун кўзда тутилган велотрек, сув спорти турлари, чим устида хоккей ва бошқа бир қатор йўналишларда янги объектлар барпо этилади.

Ҳозирги режага кўра, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига 20 дан ортиқ спорт турининг киритилиши кутилмоқда. Регламент бўйича мусобақа 5 кундан кам, 10 кундан кўп бўлмаган муддатларда ўтказилиши лозим.

Text to speech