Ру En O'z
30 Сентябрь 2021 2079

Энг ёш чемпионимиз нукуслик ёшларга маҳорат сабоқлари ўтказди

Ўзбекистоннинг энг ёш Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитов айни пайтда Республикамиз бўйлаб ёшлар билан турли учрашувларда иштирок этмоқда. Бу гал у Қорақалпоғистонда бўлди.

19 ёшли таэквондочимиз Нукус халқаро аэропортида кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг у ва қорақалпоқ ёшлари иштирокида учрашув ташкил этилди. Унда Рашитов спортга қандай кириб келгани, Президентимиз томонидан ёшларимизнинг ўзларини кўрсатиши учун яратиб берилаётган шароитлар, орзулари ҳақида гапириб ўтди.

“Таэквондодан воз кечиб, футболга боришни истаган пайтларим бўлган, чунки, бошланғич паллада сезиларли ютуқларга эришолмаганман. Лекин мураббий мени ҳар бир мағлубиятим сабоқ эканини айтиб, қўйиб юбормади, қўллаб-қувватлади, рағбатлантирди. Шунинг учун мен шу йўналишда қолишга қарор қилдим ва бундан афсусланмадим”, – деди Улуғбек Рашитов.

Шундан кейин чемпионимиз ёш таэквондо усталарига унутилмас маҳорат сабоқларини кўрсатиб берди. Шубҳасиз, бундай тадбир қорақалпоғистонлик ёшлар учун унутилмас ва қувончли воқеа бўлиб қолади.

Text to speech