Армен Багдасаров: “Навбатдаги жаҳон чемпионатининг Тошкентда ўтаётгани Ўзбекистон учун катта ютуқ”
Инсоният тарихида энг узоқ кутилган Токио Олимпиадаси тарих саҳифаларидан жой олганига ҳам икки ойга яқин вақт бўлди. Таъкидлаш жоиз, бу галги мусобақа нафақат спортчилар ва мураббийлар, балки ташкилотчилар учун ҳам осон бўлгани йўқ. Олимпия ўйинлари ҳар қачонгидан ҳам мураккаб кечди. Пандемик вазият спортчиларнинг Олимпиадага олиб борган тайёргарлигини тубдан ўзгартириб юборди. Ковид, вакцинация жараёни, тайёргарликда режим ва кун тартибининг ўзгариши, буларнинг бари спортчиларнинг Олимпиадада қайд этган натижасига салбий томондан ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Биз айни шу мавзуда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Атланта-1996 Олимпиадасининг кумуш медали совриндори, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Бош рефери директори, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси ўринбосари Армен Багдасаровдан интервью олдик.
– Армен Юрьевич, тарихда энг узоқ кутилган ва одатий анъаналарни четлаб ўтган Токио Олимпиадаси ҳақида умумий фикрингиз қандай?
– Шубҳасиз, Токиодаги Олимпиада ноодатий форматда ўтказилди. Короновирус инфекцияси шундай йўл тутишга мажбур қилди. Кунлик назоратдан ўтиш, мажбурий тарзда ПСР тест топшириш, доимий ниқобда юриш, белгиланган ҳудуддан ташқарига бир қадам ҳам чиқмаслик каби тақиқ ва чекловлар спортчиларнинг Олимпиадада кўрсатган натижаларига таъсирини ўтказмасдан қолмади. Энди бевосита дзюдо спорт тури ҳақида гапирадиган бўлсам, мезбонларнинг пандемик вазиятга қарамай мусобақага жуда яхши тайёргарлик кўрганликлари амалда ўз исботини топди. Японияликлар томонидан қўлга киритилган 9 та олтин медаль фикримга исбот бўлади ва бу дзюдо ватани вакиллари учун мутлақ рекорд натижа. Аксинча, Олимпиадаолди мавсумида медаллар учун асосий даъвогарлар қаторида эътироф этилган Россия, Озарбайжон, Исроил, Қозоғистон ва Ўзбекистон дзюдочилари кутилган натижани кўрсата олмадилар. Мен санаб ўтган давлат дзюдочиларига пандемия ўз таъсирини ўтказди. Бизнинг жамоа ҳамиша эркаклар ўртасидаги мусобақа медалларига даъвогарлик қилган. Япониянинг мавжуд 7 та вазн тоифасидан 6 та олтин медаль олганини ҳисобга олсак, қолган 100 га яқин давлат ўртасида совринли ўринлар учун кураш нечоғлик жиддий кечганини англаб олиш қийин эмас.
– Сир эмас, спортчилар Олимпиадага 4 йил давомида тайёргарлик кўрадилар. Бу сафарги муддат 5 йилдан иборат бўлди. Нима деб ўйлайсиз, бу ҳолат ҳам тайёргарликка сезиларли даражада таъсир ўтказдими?
– Ҳа, бунинг таъсирини турлича кўриш мумкин. Олимпиаданинг бир йилга кечиктирилганининг ўзига яраша ижобий томони ҳам бор. Агар Олимпиада бир йил аввал, яъни олдиндан белгиланган муддатда ўтказилганида, Ўзбекистон терма жамоаси 5 нафар дзюдочи билан мусобақада қатнашган бўлиши ҳам мумкин эди. Шу нуқтаи назардан олиб қарасак, Олимпиаданинг бир йилга кечиктирилгани Ўзбекистон учун ижобий ҳолат бўлди. Яккаликдаги 10 нафар дзюдочимиздан ташқари тарихда илк бор жамоавий лицензияни ҳам қўлга киритдик. Холис фикр билдирадиган бўлсам, масалан Шарофиддин Лутфуллаев ўтган йили ўзининг юқори спорт формасида эди. Олимпиада 2020 йилда ўтказилганида, 30 ёшдан ошган дзюдочимизнинг натижаси бирмунча яхшироқ бўларди. Худди шу фикрни афсонавий Тедди Ринер ҳақида ҳам билдиришим мумкин. Олимпиада чемпиони бўлишга биринчи рақамли даъвогар якунда бронза медали билан кифояланди.
– Аксарият жаҳон чемпионлари, хусусан Фабио Базиле каби Олимпиада чемпионларига шоҳсупага кўтарилиш насиб қилмади. Нима учун шундай бўлди деб ўйлайсиз?
– Олимпия ўйинлари шундай мусобақаки, унда ҳар бир спортчи болалигидан қатнашишни орзу қилади. Бундай катта масштабдаги мусобақанинг ҳар томондан бўладиган ҳаяжонини сизга сўз билан таърифлаб етказиб бера олмайман. Халқи, ҳукумати, оиласи ва дўстлари олдидаги жавобгарлик ҳисси жуда юқори бўлади ва бу спортчига қўшимча босим юклайди. Узоққа бормаймиз, испаниялик Николоз Шеразадишвили Олимпиададан бир ой олдин ўтказилган жаҳон чемпионатининг финалида ҳамюртимиз Давлат Бобоновни мағлуб этганди. Олимпиадада эса Бобонов жаҳон чемпионатидаги мағлубият учун реванш олди ва номдор рақибини уйига қуруқ қўл билан қайтишини таъминлади. Олимпиада олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган мусобақа.
– Охирги иккита Олимпиадада олтин медаль олган Россия терма жамоасининг Токио татамиларидаги омадсиз иштироки ҳақида фикрингиз қандай?
– Россияликлар кучли таркиб билан боришларига қарамай, 3 та бронза медали билан кифояланишди…- Шахсий фикрим, биринчи навбатда Гамбанинг (Эцио Гамба – Россия терма жамоаси бош мураббийи) йўқлиги россияликларга панд берди. Гамба машғулотларда бевосита иштирок этмади. Масофадан маслаҳат бериш билан кифояланди. Ундаги жиддий касаллик ҳам терма жамоа билан бирга шуғулланиш учун йўл қўймади. Коронавирус инфекциясидаги чеклов сабаб терма жамоанинг биронта ўқув-машғулот йиғинида қатнашмади. Қолаверса, -60 кг вазнда ёш жаҳон чемпиони Яго Абуладзе Токиога олиб кетилмади. Унинг ўрнига Мшвидобадзега ишонч билдирилди. Ўйлашимча, Яго яхшироқ натижа кўрсатарди. Бош мураббий машғулотга кела олмаганидан кейин дзюдочиларнинг ўша пайтдаги ҳолатидан ҳам бехабар қолгани аниқ. Жуда кўп мураббийлар якуний таркиб бўйича фикрини билдиргани учун ҳам хулоса яхши бўлмаган. Фикрлар турлича янграган. Лекин омадсизликнинг энг катта омили бу шубҳасиз, Гамбанинг йўқлиги.
– Ўзбекистон терма жамоасининг тайёргарлигини қандай баҳолайсиз?
– Албатта, мен ҳам ҳамма қатори терма жамоамиз аъзоларидан яхшироқ иштирок кутгандим. -60 кг вазн тоифаси мени тўлалигича хайрон қолдирди. Деярли ҳеч қандай кураш кўрсатмади. Шарофиддин Олимпиадага тайёр эмасди. -66 кг вазндаги дзюдочимиз муносиб тарзда курашди. Қўшимча бўлимда яна етти дақиқа татамида ҳаракат қилди. Афсуски, шифокор Сардорнинг бошидан оқаётган қонни ўз вақтида тўхтата олмади. Айтиш мумкинки, бу шифокорнинг хатоси. Натижада Нуриллаевга тиббий-техник мағлубият ёзилди. Боз устига унинг молдовалик рақиби, бир неча карра Европа чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори ҳам анча кучли эди. -73 кг вазн тоифасидаги дзюдочимиз ҳам курашди. Натижа яхшироқ бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин у ҳам Олимпиадага ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёр эмас экан. Спортчилар мусобақага ўзларини амалдаги Олимпиада чемпиони сифатида ҳис этиб келишлари керак. Худди ўз медалини олиб кетгани келган чемпиондек кайфиятда бўлиши лозим. Мабодо қалбингда юта олмаслигингга заррача шубҳа-гумонинг бўлса, татамига чиқмай қўйганинг маъқул. Дзюдочиларимиздаги энг катта камчилик ҳам айнан уларнинг ўзларига ишонмаслигидир. Агар Бобоновда ўзига ишонч яна ҳам кучлироқ бўлганида, шоҳсупада янада юқорироққа кўтариларди. Шарофиддин Болтабоев ҳам мени хафа қилди. Ундаги жисмоний ҳолат, чидамлилик, техник тайёргарликдан келиб чиқиб, камида бронза кутгандим. Аммо негадир жуда тез чарчаб қолди. «Golden score» фикримни исботлайди. -100 кг вазндаги дзюдочимиз учун қуръа яхши келмади. Муҳаммадкарим илк беллашувида ирландиялик кучли рақибини енгди. Кейин эса бўлажак Олимпиада чемпиони, япониялик Волфга имкониятни бой бериб қўйди.
– Нима деб ўйлайсиз, дзюдодан 11 та лицензия – бу Ўзбекистон учун яхши натижами?
– Ҳа, бу ажойиб натижа. Ўзбекистон дзюдоси тарихидаги рекорд кўрсаткич қайд этилди. Рио-2016 Олимпиадасида биз 8 та лицензия (7 эркаклар, 1 аёллар) қўлга киритгандик. Одатда 7, қайсидир Олимпия ўйинларида 6 та лицензия билан ҳам қатнашганмиз. Қолаверса, уч нафар дзюдочи қизимизнинг Олимпиадада қатнашиши ҳам биринчи мартта кузатилди. Ҳамиша қизлар дзюдосида оқсар эдик. Кўпи билан иккита лицензия бўлган. Бу сафар нохуш анъана бузилди. Шунингдек, тарихда илк бор жамоавий мусобақада ҳам иштирок этдик. Нидерландияни мағлуб эта туриб, якунда аламли мағлубият бўлиб қолди. Жамоамиз етакчиси Давлат Бобонов ўз беллашувида ғалаба қозонганида, медаллар учун курашишда яхшигина имконият юзага келарди. Қўшимча баҳс учун қуръа Олтибоевни танлаб берди. У эса рақибига ютқазди. Нидерландия кейин бронза медали учун кечган баҳсда нисбатан кучсизроқ бўлган Германияга мағлуб бўлди. Жаҳон чемпионатининг жамоавий мусобақасида Ўзбекистон дзюдоси тарихида биринчи мартта бронза медалини қўлга киритган жамоамизнинг потенциали юқори экани ойдинлашди. Ўйлашимча, федерация раҳбари ва унинг ёрдамчиларига яна озгина вақт керак. Ҳозирги раис икки йил ичида катта ҳажмдаги ишларни амалга оширди. Шундан бир йили ички муаммоларни ҳал қилиш, ишларни тўғри йўлга қўйиб олиш учун сарфлади. Яна бир йил эса пандемия сабаб йўқотилди. Фикримча, мураббийлар штабини яна ҳам кучайтириш керак. Дзюдочиларни руҳан, жисмонан тайёрлай биладиган мутахассисларни терма жамоа мураббийлар штабига қўшиш лозим. Федерацияда молиявий томондан ҳеч қандай муаммо йўқ.
– Охирги савол, Париж Олимпиадасида натижа ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ бўлиши учун нималарга эътибор бериш керак?
– Ўйлашимча, тайёргарлик бўйича босқичма-босқич темпни кўтариб бориш керак. Юқорида айтганимдек, мусобақага худди чемпион каби бориш лозим. Токио Олимпиадасида қатнашган таркибимиз ёш ва уларнинг 80-90% катта эҳтимол билан Парижга ҳам боради. Келаси йили Тошкентда ўтадиган жаҳон чемпионатида дзюдочиларимизнинг 50% совриндорлар сафидан жой олмоғи даркор. Жаҳон чемпионати шундай мусобақаки, у ҳар бир дзюдочига қўшимча ишонч, мотивация беради. Унда ғалаба қозонганингдан кейин фикрлашинг ҳам тамомила ўзгаради. Навбатдаги жаҳон чемпионатининг Тошкентда ўтаётгани эса Ўзбекистон учун катта ютуқ.